Ссылки доступа

Баткен вилоятида қирғиз-ўзбек корхонаси очилади


Баткен вилоятида қирғиз-ўзбек қўшма корхонаси очилади. Бу ҳақда ҚР ҳукуматининг минтақадаги мухтор вакили Абиш Қалмурзаев маълум қилди.

Унинг сўзларига қараганда, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегаралардан ўтиш жараёнларини енгилллаштириш орқали икки халқ ўртасидаги муносабатларни яхшилаш ва ҳар икки томон тадбиркорлари учун шароит яратиб бериш кўзда тутилмоқда:

- Ўзбек томони бизнинг “Оқтурпоқ” гуруч навимизни харид қилмоқчи. Бу биз учун жуда яхши имкониятдир. Биз гуручнинг бу навини бир йилда 5 минг тоннагача етиштирамиз, бу йил ҳам ҳосил шундан кам бўлмаслигига умид қилаяпмиз. Биз чегара ҳудудларида қирғиз-ўзбек қўшма корхонаси ташкил этиш таклифини бердик. Ўзбек томони бизнинг таклифимизни қабул қилди. Айни дамда қўшма корхона ташкил этиладиган муносиб жойни излаяпмиз.

Абиш Қалмурзаевнинг сўзларига қараганда, ўзбек томони нафақат “Оқтурпоқ” гуручига, балки Сулук кўмири, Баткен ўриги, шунингдек,Лайлак туманидаги кварц қумига ҳам қизиқиш билдирган. Ўз навбатида Қирғизистонга Ўзбекистондан кийим-бош, тўқимачилик ва бошқа маҳсулотларни олиб келиш таклифи берилди.

Эслатиб ўтамиз, 2 октябрь куни қирғиз-ўзбек чегарасида Қадамжой (ҚР) ва Водил (ЎзР) шаҳарлари ўртасида жойлашган назорат-ўтиш пункти очилган эди. Очилишга бағишланган тантанали тадбирда ҳар икки мамлакатнинг Баткен ва Фарғона вилоятларининг раҳбарлари иштирок этди.

ҚРнинг Баткен вилояти ЎзРнинг 3,7 миллион аҳолига эга Фарғона вилояти билан чегарадош. Минтақалар ўртасида 4 та автойўл ва 1 темирйўл назорат ўтиш пункти бор.

Айни дамда икки республика ўртасидаги “Қизилқия” ва “Ўзбекистон” НЎП очиш билан боғлиқ масала муҳокама қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG