Ссылки доступа

Тожикистонда амалдор ярим миллион доллар пора олаётганида ушланди


Тожикистон Иқтисодий тараққиёт вазирлигининг минтақалар ривожланиши ва инвестицияларни программалаштириш Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Асқар Нурализода катта миқдорда пора олаётганда қўлга олинди, дея 3 октябрь куни хабар берди Тожикистон молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш Агентлиги.

Аксилкоррупция муассасаси вебсайтининг хабарига кўра, давлат амалдори 490 минг долллар миқдорида пора олаётганида ушланган. Ҳибсга олиш 28 сентябрь куни Душанбе шаҳридаги Шамси кўчасида жойлашган «Афсона» ресторанида амалга ошди. Унинг уйи агентлик ходимлари томонидан тинтув қилинганида 10 минг доллар топилган.

Хабарларга қараганда, Асқар Нурализода Жалолиддин Балҳи туманида истиқомат қилувчи кимсадан 1 миллион доллар сўраган. Бунинг эвазига 2016-2020 йилларга мўлжалланган инвестициялар Давлат дастурига Хатлон вилоятидаги мазкур туманда паррандачиликни ривожлантириш борасидаги пункт киритилишига ваъда берган.

Аксилкоррупция муассасининг хабарига кўра, Иқтисодий Тараққиёт вазирлигининг амалдори рафиқаси учун пойтахтдаги янги қурилаётган мавзедан 70 минг долларга тенг уй сотиб олишни ҳам талаб қилган.

ТР Жиноят Кодексининг 319 моддаси 4 қисми (“Пора олиш”) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

XS
SM
MD
LG