Ссылки доступа

Разведка қўмитасида РФнинг сайловларга таъсири тўғрисидаги баёнотларга ишонишади


АҚШ Сенатининг разведка қўмитаси ўтган йили мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловларига Россиянинг таъсири борасида Америка разведка хизмати эълон қилган хулосаларга ишонади. Бу ҳақда қўмита раиси, республикачи Ричард Бёрр баёнот берди.

Унинг сўзларига қараганда, тергов ишлари давом этмоқда. Қўмитада Дональд Трамп командасининг аъзолари Россия амалдорлари билан алоқада бўлган ёки бўлмаганлиги ўрганилмоқда. Унинг қўшимча қилишича, Google, Twitter ва Facebook интернет-корпорациялари эшитувлардан бирида иштирок этади.

Сенатнинг разведка қўмитасининг бошқа бир етакчиси–демократ Марк Уорнер – Америка расмийларига мурожаат қилиб, АҚШ сайлов тизимини муҳофаза қилиш масаласида "кўпроқ агрессив ёндашувда"бўлишга чақирди.

Қўшма Штатларда Америка президентлик сайловларига Россиянинг эҳтимолий аралашуви билан боғлиқ масала юзасидан тергов олиб борилмоқда. Январь ойида АҚШ разведка хизматлари Россия президенти Владимир Путин АҚШ сайловолди жараёнларига ҳалақит бериш ва АҚШ президенти этиб сайланган Дональд Трампга ёрдам бериш мақсадида хакерлик ҳужумларини уюштиршга кўрсатма берган, деган хулосага келган эди.

Август ойи бошларида АҚШ махсус прокурори Роберт Мюллер ўтган йилги сайловларда “Россия изини” тергов қилиш мақсадида катта суд Ҳайьатини чақирди. Мюллер Трампнинг Демократик партиядан рақиби бўлмиш Хиллари Клинтоннинг мавқеини камайтириш мақсадида Трампнинг штаби Кремль билан тил бириктирган ёки бириктирмаганини аниқлаши керак. Москва бошқа давлатлардаги сайловларга ўзининг аралашувини кескин рад этиб келади.

XS
SM
MD
LG