Ссылки доступа

Жаҳон банки Ӯзбекистонда лойиҳавий молиялаштиришни тезлаштиради


Жаҳон банки гуруҳи Ўзбекистондаги иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда етакчи шерик сифатида иштирок этишга тайёр.

Жаҳон банки гуруҳи президенти Жим Ёнг Кимга кўра, ўтган ҳафта умумий қиймати 450 миллион АҚШ долларига тенг учта инвестиция лойиҳасини имзолагани Ўзбекистонга электр энергетикаси, ирригация ва чорвачилик тармоғини ривожлантиришни рағбатлантириш учун зарур бўладиган сармоя киритиш имконини беради. Бу ҳақда Жаҳон банки гуруҳи президенти Жим Ёнг Ким Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган мактубида айтилади, деб xабар қилди давлат раҳбарининг матбуот xизмати.

"Мен Сизнинг техник ва молиявий кўмак бўйича мурожаатингизни кўриб чиқдим ҳамда уларни тайёрлаш бўйича ишни тезлаштириш юзасидан топшириқ бердим. Сизнинг ташаббусингиз билан ишлаб чиқилган Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида эҳтиёжлар ортишини инобатга олиб, биз мамлакатингиз билан Шериклик стратегияси доирасида Жаҳон банки гуруҳи томонидан молиялаштиришни тезлаштириш ҳамда таркибий ислоҳотларни амалга ошириш, ижтимоий ва асосий инфратузилмани модернизациялаш, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишда юқори даражадаги техник кўмак тақдим этишга тайёрмиз", дейилади Жаҳон банки раҳбарининг мактубида.

Яқин кунларда Жаҳон банки бош ижрочи директори Кристалина Георгиева ва минтақавий вице-президенти Сирил Мюллер Ўзбекистонга ташриф буюради. Маҳаллий ОАВларга кўра, улар истиқболдаги ҳамкорликни муҳокама қилиш ва келишиб олиш учун Шавкат Мирзиёев билан учрашадилар.

XS
SM
MD
LG