Ссылки доступа

Бобомурод Абдуллаев "биринчи ва амалдаги президентдан ҳокимиятни тортиб олиш"да гумонланмоқда


Дастлабки тергов хулосасига кўра¸ журналист Бобомурод Абдуллаев Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан Интернетда мавжуд конституциявий тузумни ағдаришга қаратилган материалларни тарқатиш йўли билан ҳокимиятни қонуний сайланган шахслардан тортиб олишни режалаган.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди 1 октябрь куни Абдуллаевни 10 кун МХХ ҳибсхонасида сақлаш ва шу муддат ичида унга қарши жиноий иш очиш ҳақида қарор чиқарди.

Cуд қарорида ëзилишича, "Абдуллаев “Ўзбекистон Халқ ҳаракати” функционери сифатида шу ҳаракат раҳбари Муҳаммад Солиҳнинг кўрсатмаси билан 2011 йилдан буён Интернетда мавжуд конституциявий тузумни ағдаришга қаратилган материалларни тарқатиш билан шуғулланиб келган".

Дастлабки тергов материалларида қайд этилишича¸ Ўзбекистон давлат раҳбарлари хавфсизлигига масъул бўлган шахслар - Равшанбек Салаев ва Шавкатжон Оллоëровлар Абдуллаевнинг асосий манбалари бўлган ва улар ёрдамида Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий аҳволини ўрганган ҳолда Муҳаммад Солиҳ кўрсатмаси билан Ўзбекистондаги конституциявий тузумни ағдаришни кўзда тутувчи “Жатва”, яъни “Ўрим” деб номланган дастурни ишлаб чиққан.

Маҳкама қарорида келтирилган дастлабки тергов давомида тўпланган материаллар¸ расмий ҳужжатда ëзилишича¸ "Жатва" иштирокчилари кенг оммани жалб этган ҳолда Ўзбекистоннинг тўртта йирик шаҳри - Тошкент, Фарғона, Навоий ва Урганчда қўзғолон уюштиришни режалаган.

2017 йилнинг 27 сентябрида Тошкентда қўлга олинган 44 ёшли мустақил журналист Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистон Жиноят кодекси 159-моддасининг 4-қисмида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда (Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш) айбланмоқда. Дастлаб у Тошкентнинг Юнусобод туманида содир этилган ўғирлик ишида гумонланувчи сифатида кўрилган.

XS
SM
MD
LG