Ссылки доступа

Олий Рада Донбасс бўйича қонун лойиҳаси муҳокамасини кейинга қолдирди


Украина Олий Радаси депутатлари норозиликлар сабаб Донбассни реинтеграция қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қила олишмади. Мамлакат президенти Пётр Порошенко парламентга шошилинч кўриб чиқиш учун иккита ҳужжат юборган эди.

Қонун лойиҳаларидан бири Россияга "тажовузкор-мамлакат” мақомини беради ҳамда Донецк ва Луганск вилоятларининг айрим туманларини "босиб олинган" дея эълон қилади. Иккинчи қонун лойиҳаси айирмачилар назоратидаги Донбасс ҳудудларидаги ўзини ўзи бошқариш органларининг алоҳида мақоми тўғрисидаги қонун ҳаракатини бир йилга узайтиришни кўзда тутади.

Олий Радада чиқиш қилган Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа Кенгаши котиби Александр Турчинов тан олинмаган Луганск ва Донецк “халқ республикалари" ҳужжатга кўра “Россия оккупациясидаги маъмурият” дея белгиланишини таъкидлаб ўтди. Ўз навбатида мазкур қонун лойиҳасига қарши чиқаётган парламент вице-спикери Оксана Сироид баёнот бериб, унда оккупациянинг аниқ санаси қайд этилмаганлигини таъкидлади. Унинг айтишича, шу сабабли ҳам Украина халқаро судларда Россияга қарши молиявий эътирозларни билдира олмайди.

Донбасс бўйича президент томонидан тақдим қилинган қонун лойиҳалари муҳокамасида "Самопомощь" фракцияси вакиллари президиум ва парламент минбарини эгаллаб олдилар. Улар давлат раҳбари ташаббусини “Украинанинг таслим бўлиши” дея таърифлашди. Ҳужжатга қарши бўлганларнинг фикрича, бу ҳужжат Украина миллий манфаатларига тўғри келмас экан.

Парламент спикери Андрей Парубийнинг фракция раҳбарлари билан музокараларидан кейин ҳам Олий Рада фаолияти силлиқ кечмади. Улар Порошенко таклиф қилган ҳужжатнинг 7 моддаси олиб ташланишига келишиб олдилар. Бу моддада Донбассдаги можароларни бартараф этишда Минск ҳужжати тилга олинган эди. Депутатларнинг фикрича, мазкур модда қабул қилингудек бўлса, у холда Украина Минск Шартномасини қонун даражасида тан олган бўлади. 6 сентябрь, жума куни депутатлар президент томонидан таклиф қилинган ҳужжатлар муҳокамасини давом эттиришади.

Пайшанба куни норозилик билдириш мақсадида ўнг радикал "Свобода" ва "Миллий корпус" партияларининг юзлаб вакиллари Олий Рада биноси олдида пикет ўтказишди. “Озодлик” радоиси мухбири Владимир Ивахненконинг хабар беришича, намойишчилар файерларни ёқиб, агар парламент бу қонунни қабул қилгудек бўлса, кенг қамровли норозилик ўтказиш билан пўписа қилишди. Шу давр мобайнида парламент биноси полиция ва миллий гвардия томонидан қаттиқ қўриқланди.

Донбассни реинтеграция қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиққанлар бу ҳужжат 18 октябрга қадар қабул қилинишини талаб қилишмоқда. Маълумки, айни ўша куни бундан аввал қабул қилинган “Донецк ва Луганск вилоятларининг алоҳида туманларида маҳалий ўзини ўзи бошқаришнинг алоҳида тартиби тўғрисида”ги қонуннинг муддати тугайди. Бу ҳужжатга кўра, жумладан, маҳалий ҳукуматга махсус ваколатлар берилган, сайловлар ўтказиш имконияти яратилган ва айирмачиларга нисбатан амнистия берилган эди.

XS
SM
MD
LG