Мулоқотнинг навбатдаги раунди Душанбе шаҳрида 12 октябрь куни бўлиб ўтади. Йиллик мулоқот ўтказилиши арафасида халқаро Human Rights Watch (HRW) ноҳукумат ташкилоти ЕИга мурожаат қилиб муxолифат тарафдорларига нисбатан тазъийиқларни тўxтатиш мақсадида Тожикистон ҳукуматига босим ўтказишга чақирди.
HRW нинг Марказий Осиё бўйича идораси директори Стив Свердлов 10 октябрь куни баёнот бериб, инсон ҳуқуқлари бўйича Брюссель ва Душанбе ўртасидаги бундан аввалги мулоқот ўтган йилнинг ёзида, Тожикистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият мамлакатнинг мустақиллик йилларидаги энг ёмон бўлган даврида бўлиб ўтганини маълум қилди.
Унинг айтишича, мулоқотдан бир ҳафта аввал мамлакат олий суди фаолияти тақиқланган Тожикистон Ислом Уйғониш партияси (ТИУП) раисининг ўринбосарлари Саидумар Ҳусайни ва Маҳмадали Ҳаитни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Сиёсий кенгашнинг бошқа аъзолари ва партия фаоллари ҳам турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган эди.
Стив Свердлов ЕИга қилган мурожаатида узоқ муддат қамоққа ҳукм қилинган тожикистондик адвокатлар Шуҳрат Қудратов, Бузургмеҳр Ёров ва Нуриддин Маҳкамовларнинг тақдиридан хавотирда эканини билдирган. HRW ҳукумат босими остида сўнгги икки йилда фуқароларнинг Тожикистондан чиқиб кетиш ҳолатлари кучайгани ҳақида баёнот берди.