Ссылки доступа

Андижондаги Жаҳон бозори ёпилди. "Ҳамма пахтага!"


Андижон шаҳридаги энг катта улгуржи бозорлардан бири бўлган Жаҳон бозори, пахта терими мавсуми сабаб, ёпилди. Озодлик мобил мухбирларининг хабарларига кўра, бир қатор туман бозорлари ҳам ёпилган, ҳозирча ишлаб турганларини ҳам ёпиш тўғрисида ҳоким топшириқ берган.

Андижонликлар пахта терими кампанияси даврида ҳеч қачон бундай қаттиқ чекловлар кўрмаганини айтишмоқда. Андижон шаҳридаги Жаҳон бозорида тадбиркорлик қилаётган суҳбатдошлардан бирининг айтишича, бозор фақат пайшанба ва якшанба кунлари ишламоқда. Қолган кунлар эса бозор дарвозалари эса, эрталабдан ёпиб қўйиляпти:

– "Бу - шаҳардан ташқарида бунёд этилган энг катта улгуржи бозорлардан бири. Андижон вилояти туманларининг тадбиркорлари озиқ-овқат ва саноат молларини, асосан, ана шу бозордан харид қилишади. Шу пайтагча, ҳатто Каримов даврида ҳам, бирор йил пахта терими мавсумида бу бозор ёпилмаган эди. Энди эса, сотувчиларни дўконларини очгани қўйишмаяпти. Келган харидорлар ҳам қайтиб кетмоқда. Бозор ҳувиллаб қолган”,– деди суҳбатдош.

Оптовый рынок «Жахон бозори» в городе Андижане.
Оптовый рынок «Жахон бозори» в городе Андижане.

Андижон вилоятининг Избоскан туманида яшайдиган тадбиркорлардан бирининг айтишича, ўтган душанба куни ёғиб ўтган ёмғирдан сўнг пахта теримига сафарбарлик жуда ҳам кучайди:

– Пахта ниҳоятда қаттиқ бўляпти. Ҳар куни кечқурун соат 8 да мажлис бошланиб, уч-тўрт соат давом этади. Вилоят ҳокими ҳамма бозорларни ёпиш ҳақида топшириқ берди. Ташкилотлар, корхоналар фақат пахтага қанча одам жўнатгани ҳақида ҳисобот бериш билан овора, – дейди маҳалла фаоли.

Андижон туманининг деҳқон бозорида ишлайдиган тадбиркорлардан бири ҳам, бозор ёпилгани, тадбиркорларга ўзи чиқиб пахта териши ёки ўрнига одам ёллаш топшириғи берилганини айтади:

– Бозор кундуз куни умуман ишламаяпти. Дарвозаларга қулф солинган. Кечга томон очилади ва тўполон бозор бошланади. Тадбиркорлар ва бозорчилар пахта теримида қатаншиши ёки ўрнига одам юбориши шарт. Ҳокимнинг топшириғи бу, – деди андижонлик тадбиркор.

XS
SM
MD
LG