Ссылки доступа

Ўзбекистон Президенти Чеченистон Республикаси раҳбарини қабул қилди (видео)


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодировни қабул қилди, деб xабар қилди президент матбуот xизмати.

Суҳбат чоғида ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзаро савдо ҳажми ва номенклатурасини кенгайтириш, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жорий йил апрель ойида Россия Федерациясига олий даражадаги ташриф чоғида имзоланган икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим турли тармоқларда яқин ҳамкорлик ва кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида янги имкониятлар яратгани қайд этилди.

Чеченистон раҳбари Ўзбекистон Президентига самимий қабул ҳамда отаси Аҳмад ҳожи Қодиров таҳсил олган ислом цивилизациясининг тарихий марказларини зиёрат қилиш мақсадида мамлакатимизга ташрифини ташкил қилишга кўмаги учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Маҳаллий ОАВлар хабар қилишича, Рамзан Қодиров 16 октябрь куни Чеченистоннинг биринчи президенти Аҳмад ҳожи Қодировнинг устози бўлган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қабрини зиёрат қилди.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф дафн этилган қабристонигача Рамзан Қодировни Ўзбекистон президентининг тўнғич куёви Ойбек Турсунов кузатиб борди.

XS
SM
MD
LG