Руслан Иманқулов Қозоғистон томони қўшимча сув ҳажмини қабул қилишга тайёрлигини айтди. «Қозоғистондаги навбатчи хизматлар сергак бўлиб туришибди. Ҳозирча сувлар чиқариб юборилмаган. Сувларни чиқариш бугунга белгиланган. Сувлар чиқариб юбориладиган вақт Қирғизистон ФВВ томонидан эълон қилинади. Биз уларнинг навбатчи хизматлари билан мунтазам алоқадамиз», — дейди Руслан Иманқулов. Унинг бу сўзларини маҳаллий ОАВ эълон қилди.
Шу-Талас ҳавзаси инспекцияси маълумотига қараганда, бугунги кунда Киров сув омборида 19 миллион кубометр сув бор. Сув омбори 550 миллион кубометр ҳажмидаги сувга мўлжалланган. Қирғизистон расмийлари сешанба куни сув омбори тўғонида таъмирлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан 18 октябрдан бошлаб омбордан сувлар чиқариб ташланиши бошланиши ҳақида маълум қилди.
Сув омбори Қозоғистон билан чегарадан бир неча ўн километр узоқликда жойлашган Манас ва Қора –Буура туманлари оралиғида жойлашган.