“Озодлик” радиосининг туркман хизмати ўтган ҳафта бир неча ўн нафар аёл иштирокида акция бўлиб ўтгани ҳақида хабар тарқатган эди. Хабарларга кўра, ўнлаб аёллар 10 октябрь куни Дашоғуз вилоят таълим бошқармасига келган. У ерда аёлларни бошқарма вакили кутиб олган ва “хокимиятга бориб, ўша ердагиларга арз қилишлари” борасида маслаҳат берган. Шундан сўнг намойишчилар Дашоғуз шаҳар маъмурияти томон йўл олган.
Вилоят таълим бошқармасининг ўз номини ошкор қилишни истамаган ходимларининг “Озодлик” радиосига айтишича, бу тадбирдан сўнг амалдор ва унинг оиласи амалдаги ҳокимиятга қарши исён кўтаришга даъват қилишга чақирганликда айбланмоқда. Манбаларнинг тасдиқлашларича, амалдорнинг болалар боғчаларидан бирида ишловчи хотини ва маҳаллий мактаблардан бирида хўжалик ишлари бўйича мудир лавозимида фаолият юритувчи ўғли ҳам ишдан бўшатилган.
“Озодлик” суҳбатдошларининг айтишича, акция бўлиб ўтган 10 октябрь куни кечқурун ярим тунда вилоят таълим бошқармаси амалдорининг уйига полиция ходимлари келиб, уни ҳибсга олган. У вақтинча ушлаб туриладиган изоляторга жойлаштирилди. Манбаларнинг айтишича, давлат томонидан тайинланган адвокат ҳибсга олинган амалдорга қандай айб қўйилаётганини билгач, уни ҳимоя қилишдан воз кечган. Оиласи томонидан жалб қилинган хусусий адвокатга ҳамон ҳибсга олинган амалдор билан учрашишга рухсат беришмади.
«Унга нисбатан “давлатга қарши ва президентнинг халқ фаровонлигини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатларига қарши норозиликка чиқишга даъват қилиш” айби қўйилмоқда», - дейди вилоят таълим бошқармаси ходимларидан бири.