23 октябрь куни "Эхо Москвы"нинг таҳририятига номаълум шахс бостириб кирди ва Фельгенгауэрни бўйнига пичоқ уриб, яралади. Шифокорлар бу аёлнинг ҳолатини оғир деб баҳоламоқда, лекин, уларнинг гапига қараганда, журналистнинг ҳаёти учун хавф йўқ. Кутилганидек, Татьяна Фельгенгауэр эртагача сунъий кома ҳолатида бўлади. Унгача врачлар Татьяна Фельгенгауэрга қандай даволанишни тайинлаш борасида бир қарорга келишлари керак.
Тергов қўмитаси Фельгенгауэрга ҳужумдан кейин, одам ўлдиришга қасд қилиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғади. Тасдиқланмаган маълумотларга қараганда, ҳужум қилган шахснинг исми Борис Гриц бўлиб, у 48 ёшда.
Россия журналистлар уюшмасида Фельгенгауэрга қилинган тажовузни "сўз эркинлигига ҳужум" деб айтишди. Европа Кенгашининг бош котиби Турбьорн Ягланд бу тажовузни тўлиқ ва зудлик билан тергов қилишга чақирди. У журналистлар ўз фаолияти билан эркин шуғулланиш имконига эга бўлиши зарурлиги, бунда таҳдидлар ва зўравонлик қурбонига айланиб қолмаслиги шартлигини таъкидлади.