АҚШнинг Қобулдаги элчихонаси 23 октябрдаги баёнотида Тиллерсон ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани «АҚШ ва Афғонистон бу мамлакатда тинчлик, барқарорлик ва узоқ вақт фаровонлик ўрнатилиши тарафдори эканлиги»ни маълум қилди.
Тиллерсон АҚШнинг Жанубий Осиёдаги янги стратегияси «АҚШнинг Афғонистон ҳукумати ва бутун минтақадаги шериклар билан Афғонистонда тинчликка эришиш ва бу мақсадга таҳдид солаётган терррорчиларнинг паногоҳларини бартараф қилиш бўйича ишлашга» қаратилганини таъкидлади.
Баёнотда Ғани «АҚШнинг янги стратегиясини қўллаб-қуввватлашини тасдиқлагани ва ўз ҳукуматининг ислоҳотлар ўтказиш тарафдори эканлигини таъкидлагани» ҳам айтилмоқда.
Давлат котибининг Афғонистон президенти билан учрашуви Қобулдан шимолда жойлашган аэродромда, Американинг Афғонистондаги энг катта базасида бўлиб ўтди.
Президент Дональд Трамп маъмурияти яқинда толибларга қарши курашиш стратегиясини эълон қилди ва бу мамлакатда қолдирилган 11000 АҚШ ҳарбийлари ҳолатини мустаҳкамлаш учун, Афғонистонга қўшимча 3000 нафар АҚШ ҳарбийси жўнатилишини маълум қилди.
Тиллерсон олти кунлик сафарда бўлади, бу сафар давомида у Саудия Арабистони ва Қатарда бўлди, шунингдек, Покистон ва Ҳиндистонга ҳам боради.