Ссылки доступа

Қозоғистон ва Қирғизистон бош вазирлари чегарадаги вазиятни Ереванда муҳокама қилишади


Қирғизистон бош вазири Сапар Исаков ва Қозоғистон бош вазири Бақитжан Сагинтаев Еревандаги ЕОИИ ҳукуматлари раҳбарларининг мажлиси доирасида музокаралар ўтказишни режалаштирмоқда. Бу хабарни ҚР ҳукуматининг матбуот хизматида тасдиқлашди.

Вазирлар Маҳкамасининг ахборот таъминоти бўлими мудири Чингиз Эсенгул улининг сўзларига қараганда, Сапар Исаков бошчилигидаги қирғиз делегацияси Арманистонга бугун, 24 октябрда, куннинг иккинчи ярмида учиб кетади.

Икки мамлакат ҳукуматлари бошлиқларининг бўлиб ўтадиган учрашуви ҳақида Қозоғистоннинг «Хабар» агентлиги ҳам, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Қайрат Абдрахмановга ҳавола қилган ҳолда, хабар берди. Унинг сўзларига кўра, кутилаётган учрашув вақтида «икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик масалалари, ЕОИИ ва БСТнинг тегишли нормалари ва қоидаларини ҳисобга олган ҳолда, чегара, транспорт, фитосанитар ва ветеринария назорати, шунингдек,божхона ва солиқ маъмуриятчилиги масалалари»ни тартибга солувчи «йўл харитаси»ни имзолаш тахмин қилинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бу ҳужжатни яратиш бўйича келишувга 18 октябрь куни, ҚР ва Қозоғистон бош вазирларининг Остонадаги учрашуви пайтида эришилган эди. «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш бўйича иккала мамлакат бош вазирлари ўринбосарларининг раҳбарлиги остида, ихтисослашган вазирликлар ва идораларнинг раҳбарларидан иборат Ишчи гуруҳ ҳам ўшанда тузилган эди.

Қозоғистон билан чегарадаги вазият 10 октябрь куни мураккаблашди. Шу туфайли Чуй ва Талас вилоятидаги ўтказиш пунктларида одамлардан иборат навбат йиғилиб қолди, автомобиллар тиқилинчлиги километрларга чўзилиб кетди. Тез бузилувчи маҳсулотлар ташиётган катта ҳажмли юк машиналарининг ҳайдовчилари ҳаммадан кўп жабр кўришди.

XS
SM
MD
LG