Ссылки доступа

Янги рукн! Дунё ОАВ хабарномаси: Қизғин мавзулар!


Ҳамкорларимиз ва обуначиларимизга янги маҳсулот – ОАВ шарҳини тақдим этамиз. Хабарномада дунё нашрларининг бугунги асосий мақолаларини топишингиз мумкин. Шундай шарҳ олиш Сиз учун фойдали ёки фойдали эмаслигини бизга ёзиб юборишингизни сўраймиз. Шарҳдан ўз ОАВингизда фойдаланасизми? Агар шундай бўлса, бу алоҳида нашримиз қандай даврийликда бўлиши қулай?

Хитой коммунистик партияси президент Си Цзиньпиннинг номини ва унинг «Хитойча хусусиятга эга социализм» ҳақидаги назариясини партия Низоми матнига ёзиб қўйиб, Си Цзиньпинни партиянинг асосчи-отаси Мао Цзэдун мақомигача кўтарди, деб ёзмоқда New York Times. Бу «тарихий қарор» бутун мамлакатдаги амалдорларга Си Цзиньпин ва унинг сиёсатини танқид қилиш, эндиликда мафкуравий бидъат сифатида баҳоланиши ҳақида аниқ сигнал юборди. Гарчи Маоннинг «Кичик қизил китобча» туридаги иқтибослар нашри ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин бўлмаса-да, энди Си Цзиньпиннинг назарияси ҳақидаги шиорлар мактабларда, ОАВ ва ҳукумат муассасаларида пайдо бўлиши мумкин», деб таъкидлайди, ушбу нашр.

«Мен Саудия Арабистонига мўътадил исломни қайтараман», - деб баёнот берди, меросхўр шаҳзода Муҳаммад ибн Солмон «The Guardian» газетасига берган интервьюсида. Унинг сўзларига қараганда, охирги 30 йилда Саудия Арабистонида қатъий доктриналар пайдо бўлди, улар Эрондаги Ислом инқилобига акс-таъсир эди. “Бизнинг мамлакатимиз G20 га киради. Иқтисодиётимиз дунё иқтисодиётлари орасида энг катталаридан биридир. Биз учта қитъа ўртасида жойлашганмиз. Шунинг учун Саудия Арабистонидаги яхши томонга ўзгаришлар, минтақа ҳам, дунё ҳам яхши томонга ўзгараётганини англатади. Бу – биз амалга оширишга интилаётган нарса бўлиб, ҳамманинг қўллаб-қувватлашига эришамиз, деган умиддамиз", - деб баён қилди ибн Солмон. Аввалроқ тахт меросхўри Саудия Арабистони, Иордания ва Миср ўртасида мустақил иқтисодий ҳудуд яратиш лойиҳаси ишга туширилиши ҳақида маълум қилган эди. "Саудия Арабистони ҳукумати бу лойиҳага $500 миллиард киритиш ниятида", деб ёзмоқда The Guardian.

Барча туркларнинг отаси - Мустафо Камол Отатуркнинг ўлимидан деярли 80 йил ўтиб, Туркияда «Барча туркларнинг онаси» пайдо бўлиши мумкин. Ультрамиллатчи сиёсатчи аёл Мерал Аксенер тарафдорлари уни шундай аташаяпти, деб ёзади немис газетаси, Frankfurter Allgemeine Zeitung. Шижоатли Аксенер 25 октябрда янги партия тузиш ҳақида эълон қилиш ниятида. Унинг баёнотига кўра, бу партия ҳукумат тепасидаги Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) ва унинг раиси - Ражаб Тойип Эрдўғоннинг ҳукмронлик ҳолатига чек қўйиши зарур. Аксенер ва сафдошларининг мақсади – 2019 йилдаги президент сайловида ғалаба қозониш.

АҚШ Hermitage Capital фонди раҳбари ва “Магнитский қонуни”нинг ташаббусчиси Уильям Браудерга, Россия унинг исмини Интерпол рўйхатига қўшиб қўйганидан кейин,АҚШга визасиз киришга рухсат берди, деб ёзади «Washington Post». Ушбу нашр Кремль тергов ҳибсхонасида ўлган юрист, Сергей Магнитский хотирасига бағишлаб номланган қонун учун, Браудердан қасос олишни истаётганини таъкидлади. Сергей Магнитский Россия бюджетидан амалга оширилган йирик талон-тарожлар схемасини фош қилган эди. Ўтган ҳафтада Канада “Магнитский акти”нинг ўз фаразини эълон қилди – бу рўйхатга Россиядаги коррупциялашган амалдорлар ва инсон ҳуқуқларини “ашаддий бузувчилар” киритилди. “Путин мени дунёдаги энг асосий душмани деб билади, чунки мен унинг «жончиқар жойи»ни топдим”, - деди Уильям Браудер ушбу нашрга.

Каталония ҳукумати Мадриднинг минтақада муддатидан олдин сайлов ўтказиш ниятига бериладиган жавобни кўриб чиқмоқда, деб хабар беради «El Pais» «Халқ бирлиги номзоди» (CUP) ўта сўллар партияси раисининг ўринбосари Карлес Рьерга таянган ҳолда. Қўллаб-қувватлаши иқтbдордаги Junts per Si ("Мустақиллик сари биргаликда") коалицияси учун ўта муҳим бўлган, камсонли сепаратчилар партияси етакчиларидан бири муддатидан олдин сайловлар, бу «Каталониядаги мустақиллик жараёнини тугатиш учун ишлаб чиқилган ядро қуролидир» деб баён қилди. Ҳозирги Испания тарихида биринчи марта, ҳукумат Конституцияга таянган ҳолда, мамлакатдаги музофотлардан бирининг мустақиллигини чеклашга қарор қилди. Бунда ҳукумат Конституция «Агар минтақалардан бири ўзининг давлат олдидаги мажбуриятларини бажармаса ёки Испаниянинг миллий манфаатларига зарар етказадиган бўлса, сенатнинг маъқуллашига биноан, ҳукумат вазиятни тўғрилаш учун, қонун доирасида ҳар қандай чораларни қўллаши мумкин»лигини белгилаб берганига ҳавола қилмоқда.

XS
SM
MD
LG