Ссылки доступа

Аҳмад Шаҳид: Ўзбекистонда аҳолининг диний саводхонлигини ошириш керак


БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид президент Шавкат Мирзиёев ҳозирги сиёсий курсдан оғишмайдиган бўлса, Ўзбекистонда ислоҳотлар амалга оширилишига ишонишини билдирди.

Аҳмад Шаҳид бу гапларни Тошкентда октябрь ойининг бошида 10 кунлик ташриф билан бўлган сафар якунлари ва натижалари борасида БМТ радиосига берган интервьюсида билдирди.

Аҳмад Шаҳид “Ўзбекистонда индивидуал диний эркинлик деярли йўқ даражада”, деб билдирди. У ўз сўзида давом этар экан: "Деярли” деганимнинг сабаби, менга исталган одам бошқа динни қабул қилиши мумкинлигини айтишди. Бироқ қандайдир динга эътиқод қилиш учун рўйхатга олиш жараёнидан ўтиш зарур", -деб айтди.

Унга кўра, Совет Иттифоқи бошқаруви остида бўлган пайтда Ўзбекистонда диний соҳадаги интеллектуал ресурслар тўлиғича барбод этилган.

“Шунинг учун мамлакатда диний саводхонликни қайта тиклаш эҳтиёжи мавжуд”,- деган Аҳмад Шаҳид интервью сўнггида: “Ўзбекистон ҳозирча диний мавзулардаги очиқ мулоқотга тайёр эмас. Аммо жиноий жавобгарлик чоралари эмас, аксинча, айнан мана шундай очиқ мулоқотлар экстремистик ғоялар учун “фильтр” вазифасини бажариши мумкин”, деган хулосани билдирди.

Аҳмад Шаҳид Ўзбекистонда 16 минг диндор “қора рўйхатдан” чиқарилганини олқишлади ва айни пайтда диний эркинликларни муайян тарзда чеклаш масаласидаги миллий қонунчиликни Гражданлик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт талаблари билан мувофиқлаштиришга чақирди.

XS
SM
MD
LG