Ссылки доступа

Айбга иқрор бўлмаган Манафорт ва Гейтс уй қамоғига олинди


Пол Манафорт

Дональд Трампнинг сайлов штаби собиқ раҳбари Пол Манафорт ва унинг ҳамкори Рик Гейтс ўзларига қўйилаётган жиноятнинг 12та пункти, жумладан федерал лоббичилик тўғрисидаги қонунни бузиш, ноқонуний топилган пулларни қонунийлаштириш ва АҚШга қарши фитна бўйича айбдор эмасликларини таъкидлашди.

Вашингтон Федерал суди Манафорт ва Гейтс мамлакатни тарк этишга уриниши мумкинлиги сабаб, Гейтс 5 миллион, Манафорт 10 миллион гаров пули тўлаши лозимлиги ҳақида қарор қабул қилди. Гаров пули тўланмагунга қадар уларнинг ҳар иккиси уй қамоғида қолаверади.

Тергов версиясига кўра, Манафорт ва Гейтс миллионлаб долларни яширишган. Таъкидланишича, 2006 йилдан 2015 йилга қадар Манафорт Украина собиқ президенти Виктор Януковичнинг “Минтақалар партияси”дан пул олган. Тергов версиясига қараганда, солиқ тўламаслик мақсадида у офшор компаниялар хизматидан фойдаланган – уларнинг ҳисоби орқали 75 миллион доллардан ортиқ пул ўтказилган. Терговчиларнинг таъкидлашича, Манафорт 18 миллион доллардан ортиқ пулни “ювган”. Қайд қилинишича, Гейтс офшор ҳисоблар орқали уч миллион доллардан ортиқ пул ўтказган.

Оқ уй вакили Сара Сандерс журналистлар билан учрашувда Дональд Трампнинг собиқ ходимларига қўйилаётган айблар ва президентлик сайлов компанияси ўртасида бирор бир боғлиқлик йўқлигини таъкидлади. Сандерснинг айтишича, қўйилаётган айблар вақт бўйича ҳам, Трампнинг сайлов олди компанияси вақтида қўйилган мақсадлар бўйича ҳам мос келмайди.

Трампнинг ташқи сиёсат бўйича собиқ маслаҳатчиси Жорж Пападопулос масаласига тўxталган Оқ уй вакили, уни президентлик сайлов компанияси даврида роли “жуда ҳам чекланган” "волонтёр" бўлганини таъкидлади. Душанба куни тарқатилган хабарда, АҚШ президенти Дональд Трампнинг сайлов штаби ташқи сиёсат бўйича собиқ маслаҳатчиси Жорж Пападопулос ФТБ(Федерал Тергов бюроси)га ёлғон маълумот берганини тан олгани ҳақида маълум қилинган эди.

XS
SM
MD
LG