Ссылки доступа

Қочқиндаги полковник Ҳалимовнинг қариндошлари узоқ муддатга қамоққа ҳукм қилинди


Хатлон вилоят суди Тожикистон ИИВ ОМОНи собиқ командири ва “Ислом Давлати” (ИД) террор гуруҳининг “жанг вазири” Гулмурод Ҳалимовнинг уч нафар қариндошини узоқ муддат қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Улар одам ёллаш, давлат чегарасини қонунга зид равишда кесиб ўтишга уриниш ва милиция ходимларига қаршилик кўрсатишда айбдор деб топилди.

20 октябрь куни вилоят судидаги манбанинг айтишича, Комил Ҳалимов, Назир Ҳалимов ва Али Ҳалимов 7 йилдан 18 йилгача қамоққа ҳукм қилинди. Унинг сўзларига кўра, ҳукм ўтган ҳафта охирларида ўқилган, аммо ҳозирча қонуний кучга кирмаган. Суддаги манба бошқа тафситлотларни айтишни истамади.

Қочқиндаги полковникнинг биродорлари - Комил Ҳалимов ва Назир Ҳалимов, шунингдек унинг жияни Али Ҳалимов (Султонмурод Ҳалимовнинг ўғли) ТР ИИВ ходимларининг Восе тумани Ибрати қишлоғида 5 июль куни тунда ўтказган махсус амалиёти мобайнида ҳибсга олинган эди.

Яна тўрт киши – ОМОН собиқ командирининг укалари - Султонмурод Ҳалимов ва Фозил Ҳалимов, унинг жияни Афзал Абдурашидов ва узоқ қариндоши Наим Раҳмонов қаршилик кўрсатгани боис ўлдирилган эди. Амалиёт давомида Тожикистон ИИВ Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Анвар Ҳусейнов жароҳат олган эди.

Тожикистон махсус хизматларининг маълумотига кўра, Гулмурод Ҳалимовнинг қариндошлари Чубек қишлоғи орқали тожик-афғон чегарасидан ўтишни режалаштиришган. Панж дараёсининг нариги соҳилида уларни ИД жангарилари кутиб турарди. Хабарларга кўра, Ҳалимовларнинг қўшниси ва узоқ қариндоши Наим Раҳмонов Афғонистондаги ИД жангариларидан бири орқали Гулмурод Ҳалимов билан доимий мулоқотда бўлиб келган.

Ўтган ойда РФ Мудофаа вазирлиги Гулмурод Ҳалимов Россия авиацияси томонидан Суриянинг Дейр-эз-Зора шаҳрига берилган зарба оқибатида йўқ қилингани хақида маълум қилди. Полковник Гулмурод Ҳалимов 2015 йил апрелида кутилмаганда йўқолиб қолган эди. Ўша йилнинг май ойида ўзининг Сурияда эканлигини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG