Ссылки доступа

Афғонистонда толиблар ҳужуми пайтида ўнлаб полициячилар ҳалок бўлди


Афғонистон ҳукумати вакилларининг хабарига қараганда, душанба куни мамлакат жанубидаги назорат-ўтказиш пунктига қилинган «Толибон» ҳаракати жангариларининг ҳужуми пайтида камида тўққиз нафар полиция ходими ҳалок бўлган.

Ғазна музофоти губернаторининг матбуот котиби Ориф Нурий 30 октябрь куни содир этилган ҳужумда тўрт нафар полиция ходими яраланганини хабар қилди. Нурий берган ахборотга кўра, етти соатга яқин давом этган отишмада етти нафар жангари ўлдирилди.

«Толибон» ҳаракати бу ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Музофот кенгашининг аъзоси Нисор Аҳмад Фақирий ҳужум пайтида Кўҳёний ҳудудидаги НЎП бузиб ташланганини айтди.

30 октябрь куни Афғонистонинг шимолий Боғлон музофоти ҳукумати вакиллари ҳукумат қўшинлари толиблар ҳужумини қайтарганини хабар қилди. Бурқа тумани полициясининг бошлиғи Муҳаммад Али жангарилар полиция участкасига душанба куни, эрталаб ҳужум қилганини билдирди. Полиция бошлиғи бир неча соат давом этган отишмада 20 нафар жангари ўлдирилгани ёки яраланганини хабар қилди. Бир афғон ҳарбийси енгил яраланган.

XS
SM
MD
LG