Ссылки доступа

Қозоғистон расмийлари: қирғизистонлик ташувчилар томонидан юзлаб қонунбузарликлар аниқланди


Қозоғистон расмийларининг сўзларига қараганда, ярим ой давомида Қирғизистондан келган бир неча минг автомашина текширилиши натижасида, Қозоғистон қонунчилигининг юзлаб бузилишлари қайд қилинган.

«2017 йилнинг 10 октябридан 30 октябрига қадар Қозоғистон Инвестиция ва тараққиёт вазирлигининг транспорт қўмитаси вакиллари ўтказган текширувлар давомида Қирғизистон ташувчилари томонидан 360та қонунбузилиши қайд қилингани аниқлади. Ҳисобот даврида Қирғизистоннинг 3054 та автотранспорт воситаси ўрганилди», — дейилади вазирлик сайтида эълон қилинган хабарда.

Қўмита маълумотларига кўра, текширувлар натижасида юк ташувчилар 11,8 миллион тенге (357 минг доллар) миқдорида жаримага тортилган. Вазирликнинг таъкидлашича, кўп ҳолларда тез айнийдиган маҳсулотларни ташишга бериладиган сертификатларнинг йўқлиги қайд қилинади. Маълумотларга кўра, уларнинг ҳиссасига қонун бузилишларнинг 40 фоизи, ёки 151та қонун бузилиши тўғри келади.

Бошқа қонун бузилишлари ҳақида маълумот берган вазирлик, товар-транспорт рухсатномаси йўқлиги, оғирлик ўлчовлари параметрларининг бузилиши, йўловчиларни вақти-вақти билан транзит ташишда бериладиган Қозоғистон варақасининг йўқлигини мисол сифатида келтиради.

10 октябрь куни Қозоғистон чегарада кучайтирилган назоратни жорий қилди. Аввалига бу чоралар режали амалиёт экани айтилган бўлса, кейинчалик контрабандага қарши кураш дея изоҳланди. 30 октябрь куни Қирғизистон ҳукумати чегарадаги вазиятдан зиён кўрган субъектларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни маъқуллади.

XS
SM
MD
LG