Ссылки доступа

Ўзбекистон имомлари Мирзиёевдан азонни овоз кучайтиргичда айтишга руxсат сўрашди


Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда 26 апрель куни Тошкентдаги “Шайх Зайниддин” (эски “Кўкча”) жоме масжидида бўлган имом-хатиблар йиғини ва унда азонни овоз кучайтиргичларда айтилишига рухсат берилиши мумкинлиги айтилгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Ўз манбасига таяниб хабар қилган Azon.uz сайтининг ёзишича, йиғилиш иштирокчилар масжидларда азонни овоз кучайтиргичлар воситасида чақиришга рухсат бериладими, деган саволни ўртага ташлаган.

Хабарда манбадан шундай иқтибос келтирилади: «Савол-жавобларда айтилдики, Москванинг Кремлида ҳам азон айтиляпти. Ёки бўлмаса христиан динига эътиқод қилувчилар қўнғироқларини чалишяпти. Ҳеч кимнинг уйқуси бузилётгани йўқ. Қолаверса, Президентимизнинг доимо ҳаракатчан эканлиги, тонг саҳарда туриши, тонгда қилинган иш эса баракали бўлишлиги айтиб ўтилди”.

Изоҳ берган шайх Абдулазиз Мансурга кўра, аслида Диний идора бу ва яна бошқа масалалар - хотин-қизларнинг рўмол ўраши, мактабларда "Диншунослик" дарсларини қайта тиклаш каби қатор масалаларда рухсат берилишини сўраб, президент Мирзиёев девонига мурожаат қилган. "Ҳозир шунга жавоб кутаяпмиз. Кўриб турибсиз, кейинги бир йил ичида шунча яхши ўзгаришлар бўлди, Худо хоҳласа, бу ёғига ундан ҳам яхши ўзгаришлар бўлади, деб умид қилиб турибмиз", - деди, шайх Абдулазиз Мансур.

Ўзбекистонда авваллари ҳам азонни баланд овозда айтилишига ҳеч қачон расмий тақиқ қўйилмаган. Бироқ, Президент Ислом Каримов даврида мамлакатда муайян ёзма тақиқлар мавжуд бўлган, жумладан, республикадаги масжидларда азонни овоз кучайтиргичда айтилиши ман қилинган.

XS
SM
MD
LG