Ссылки доступа

Москва: лотин ёзувига ўтиш — Қозоғистоннинг ички иши


Россия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Григорий Карасин қозоқ тили алифбосини кирилл ёзувидан лотин ёзувига ўтказиш ҳақидаги қарорни шарҳлай туриб, «бу Қозоғистоннинг ички иши» эканлигини айтди, деб хабар бермоқда Россиянинг янгиликлар агентликлари.

«Мениниг фикримча, бу ҳолатда ҳам бизнинг нуқтаи назаримиз хотиржамликдан иборат, қолаверса, бу – қайси тиллар қай даражада қўлланишини белгилаш – Қозоғистоннинг ички ишидир», — деди Карасин «Россия-24» давлат телеканалининг эфирида.

Карасиннинг сўзларига қараганда, ҳозир алифбодаги ўтиш муносабати билан алоҳида муаммолар юзага келмайди. «Ишончим комилки, биз қандай қилиб икки томонлама муносабатларимизни мувофиқлаштириш, рус тилини лотин ёзуви билан боғлиқ янги вазиятга қай тарзда мослаштириш усулларини топамиз, — деб қўшимча қилди, дипломат.

Россиянинг Қозоғистондаги элчиси Михаил Бочарников икки мамлакат парламентарийларининг душанба кунги учрашувида Россия «суверен Қозоғистоннинг келгусида давлат тилини лотин ёзувига ўтказиш ҳақидаги қарорига тушуниш ва ҳурмат билан муносабатда бўлади», - деди.

Қозоқ тилини кирилл ёзувидан лотин ёзувига ўтказиш ҳақидаги фармон 27 октябрь куни эълон қилинди. Ҳукуматга қозоқ тилини лотин графикасига ўтказиш бўйича миллий комиссия тузиш ва 2025 йилгача қозоқ тилини лотин ёзувига «босқичма-босқич» ўтказишни таъминлаш топшириғи берилди. Баъзи экспертлар бу чорани қозоқ маданиятини ажратиб қўйиш ва Россиядан узоқлашишга уриниш деб айтмоқдалар.

XS
SM
MD
LG