Ссылки доступа

Украинада коррупция гумони билан ИИВ раҳбарининг ўғли ушланди (видео)


Украина Аксилкоррупция Миллий бюроси томонидан ички ишлар вазири Арсен Аваковнинг ўғли Александр Миллий гвардия учун рюкзакларни харид қилишда маблағларни ўзлаштириш гумони билан қўлга олинди.​ Шунингдек, вазирнинг собиқ ўринбосари Сергей Чеботарь ҳам ҳибсга олинган.

Бундан аввал расмийлар, гумондорларнинг турар-жойида тинтув ўтказилаётганини маълум қилган эди, ижтимоий тармоқларда эса ички ишлар вазири Арсен Аваковнинг ўғли Александрнинг уйи тинтув қилинаётгани акс этган суратлар пайдо бўлди.

2015 йил бошида ИИВ Миллий гвардия учун олти минг дона рюкзак сотиб олган эди. Тендерда ғолиб чиққан фирмалардан бири бўлмиш – "Днипровенд" – ҳар биринг нархи 100 доллар бўлган 5 минг дона рюкзак етказиб бериши керак эди.

Суд материалларига кўра, рюкзакларнинг давлат хариди юқори нархларда амалга оширилган, компания эса маҳсулотларни Украина армиясига тўлалигича етказиб бермаган. Терговчилар ИИВ юқори лавозимли амалдорларини "Днипровенд" фирмаси билан қалбаки битим тузиш борасида тил бириктирганликда, "Днипровенд" эса ҳеч қандай рюкзакларни тикмагани ва бирор бир хўжалик фаолияти билан шуғулланмаганлигини гумон қилмоқда.

Тергов маълумотига кўра, тил бириктиришда Украина ички ишлар вазирининг ўғли Александр Аваков ва ИИВ раҳбарнинг собиқ ўринбосари Сергей Чеботарнинг ҳам алоқаси бор. Уларнинг суҳбати борасидаги видео 2016 йил февралида интернетда пайдо бўлган эди.

Ички ишлар вазирлигида аксилтеррор амалиётлари эҳтиёжлари учун рюзакларни харид қилиш жараёнлари шаффоф ва адолатли бўлганини айтишмоқда.

XS
SM
MD
LG