Ссылки доступа

Дамашқ Туркиянинг Идлибдаги иштирокига ўзининг норозилигини билдирди


Сурия ҳукумати делагациясининг раҳбари ва Суриянинг БМТдаги элчиси Башар ал-Жафари сешанба куни Остонада бўлиб ўтган брифингда баёнот бериб, Суриянинг Идлиб вилоятида Туркиянинг иштирокини Сурия ҳукумати тажовузкорлик сифатида кўришини маълум қилди.

Остонада сентябрь ойида бўлиб ўтган аввалги музокараларда Сурияда ўт очишни тўхтатиш бўйича кафил-мамлакатлар Туркия билан чегарадаги Идлиб вилоятида тўртта хавфсизлик ҳудудини яратиш борасида эълон қилишган эди.

«Остонада бўлиб ўтган музокараларнинг олтинчи раундидан кейин юз берган воқеа — бу Туркия ҳарбий кучларининг “Жабҳат ан-Нусра” гуруҳи билан ҳамкорлиги ва мувоффивиқлаштируви остида Сурия ҳудудларига кириши бўлди. Туркия кафил-мамлакатлар ўртасида эришилган битимга кўра ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармаяпти», — деди ал-Жафари. Унинг сўзларидан Қозоғистон ахборот агентликлари иқтибос келтирмоқда.

Айрим маълумотларга кўра, Идлибдаги (минтақанинг айрим қисмларини “Ал Қоида”дан ажралиб чиққан “Жабхат ан-Нусра” гуруҳи қўмондонлигидаги исёнкорлар назорат қилади) кескинликни юмшатиш зонасини уч қисмга – Туркия бўлинмалари ва Сурия мўътадил мухолифати назоратидаги (шимолий-ғарбий туманлар); Сурия ҳукумат кучлари ва Эрон отрядлари назоратидаги (жанубий-шарқ туманлари); Россия кучлари назоратидаги (юқорида қайд этилган туманлар оралиғидаги ҳудудлар)га бўлиш таклифи берилди.

«Россия ва Эрон кафил-мамлакатлар ўз зиммаларига олган мажбуриятларни бажаришлари кераклигини тасдиқлашди. Сурия ўз ҳудудларида Сурия ҳукуматининг розилигисиз ҳарбий кучларнинг иштирокини тажовуз ва оккупация сифатида кўради», — дея таъкидлади Суриянинг БМТдаги вакили ал-Жафари.

Россия, Туркия ва Эрон Сурия бўйича Остонада ўтаётган музокараларнинг ҳомийси сифатида кўрилади. Маълумки, Остона музокаралари БМТ ҳомийлигида Женевада ўтаётган сурияликлараро музокаралардан айрича ўтказилмоқда.

Сурия бўйича тинчлик музокараларининг еттинчи раунди иштирокчилари гаровдагиларни, қамоқдагиларни озод қилиш, вафот этганларнинг жасадларини топшириш ва бедарак йўқолганларни қидириш бўйича ишчи гуруҳи тўғрисидаги қоидаларни тасдиқлашни режалаштирган эди. Россиянинг РИА «Новости» ахборот агентлигининг Сурия қуролли муҳолифати делегацияси аъзоси Фатех Хассунга таяниб сешанба куни маълум қилишича, ҳозирча маҳбуслар тўғрисида якуний келишувга эришилмади.

Музокараларнинг навбатдаги раунди декабрь ойига режалаштирилган.

XS
SM
MD
LG