Ссылки доступа

Президент Мирзиёев Трампга теракт бўйича терговда барча ёрдамни таклиф қилди (видео)


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркдаги терактдан кейин Америка раҳбари Дональд Трампга ҳамдардлик билдирди. Президент ҳамдардлиги битилган матнни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги расмий сайти эълон қилди.

"Биз Америка Қўшма штатлари халқи билан ҳамдардмиз. Қурбонларнинг яқинларига таъзия сўзларимизни етказишингизни сўраймиз, барча жабрланувчилар тез орада соғайиб кетишини тилаймиз", – дейилган Ўзбекистон президентининг АҚШ раҳбарига йўллаган ҳамдардлик хатида.

Ўзбекистон раҳбари терроризм ва экстремизмнинг ҳар қандай шаклини қоралаган ва Ўзбекистон ушбу теракт бўйича текширувларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилган.

31 октябрь, сешанба куни Манхэттенда юк машинасини бошқарган шахс одамларни қасддан уриб юбориши оқибатида 8 киши ҳалок бўлди, 12 киши жароҳатланди. Терговни ФТБ олиб бормоқда.

Юк машинасини 29 ёшли Сайфулло Соипов бошқаргани, у ҳибсга олингани хабар қилинди. Ҳужум қилган шахс қорнидан жароҳат олган. Ҳозирги вақтда Соипов шифохонада.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан бири мулозими гапига кўра, Тошкентда Соиповнинг ота-онаси ва 17 яшар синглиси сўроқ қилинди.

Қўшнилари Соиповнинг оиласи диндан йироқ экани ва савдогарлик билан тирикчилик қилишларини айтди. Аниқланишича, 29 ёшли Сайфулло Соипов 2010 йилда АҚШга кетишидан олдин ота-онаси ва уч синглиси билан Тошкентнинг Шайхонтоҳур тумани Белтепа маҳалласида яшаган. Сайфулло Соиповнинг онаси Муқаддас Соипова 2016 йилнинг декабридан 2017 йилнинг февралига қадар АҚШда бўлиб қайтган.

XS
SM
MD
LG