Ссылки доступа

Ислом Каримовнинг ўғли ҳам борлиги расман айтилди


“Унинг (Ислом Каримовнинг) уч нафар фарзанди ва олти нафар набираси бўлиб, улар билан мулоқот унга катта қувонч келтирарди. Унинг рафиқаси – Татьяна Акбаровна унинг ҳақиқий дўсти, ёрдамчиси, фикрдоши эди, Ислом Абдуғаниевич билан 47 йил бахтли турмуш қуриб, у билан ҳаётнинг барча заҳматларини баҳам кўрди”.

Бу маълумот Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасининг расмий сайтида эълон қилинган Ислом Каримовнинг таржимаи ҳолида келтирилди.

Шу пайтгача Каримовнинг учинчи фарзанди борлиги тўғрисида айтилмас эди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси расмий сайтида эълон қилинган таржимаи ҳолда бундай дейилган:

“У (Ислом Каримов) оилали, икки нафар фарзанди, тўрт набираси бор. Рафиқаси Т. А. Каримова - мутахассислиги иқтисодчи, иқтисод фанлари номзоди, Ўзбекистон Фанлар академияси Иқтисодиёт институтида катта илмий ходим бўлиб ишлаган, айни пайтда – пенсияда”.

Kun.uz сайти Каримовнинг учинчи фарзанди тўғрисида мана бу маълумотни берди: «Википедия» маълумотига кўра, Ислом Каримов ўтган асрнинг 60-йилларида биринчи марта уйланган. У биринчи рафиқаси Наталья Петровна Кучма билан турмушидан бир ўғил кўрган. Ислом Каримовнинг ўғли Пётр Исломович Каримовдир (1969 йилда туғилган). Наталья Кучма 2008 йилда Тошкентда вафот этган. Пётр Каримов айни вақтда Москва вилоятида истиқомат қилади».

Аммо президентнинг расмий биографиясида ушбу никоҳ ва унинг биринчи фарзанди номи келтирилмайди. Ислом Каримов кейинроқ Татяна Акбаровна Каримовага уйланган. Бу никоҳдан икки қиз туғилган - Гулнора Каримова (1972 йилда туғилган) ва Лола Каримова (1978).

Махаллий ОАВларига кўра, Пётр Каримов қароргоҳи Москвада жойлашган Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг шўъба корxонаси "Азиа-Инвест Банк" бошқаруви раиси ўринбосари вазифасида ишлаб келган.

XS
SM
MD
LG