Ссылки доступа

Алексей Навальний Путиннинг устидан судга шикоят қилмоқчи


Алексей Навальный

Коррупцияга қарши кураш фондининг асосчиси Алексей Навальний Россия президенти Владимир Путин ва унинг маъмурияти устидан судга шикоят қилиш нияти борлигини баён қилди.

Мухолифатчи Россия шаҳарларининг ҳокимиятлари, Кремлнинг кўрсатмасига биноан, унга сайловчилар билан учрашув ўтказишга рухсат беришмаяпти, деб ҳисоблайди.

Навальний ўзининг блогида Россия шаҳарларининг маъмурияти у ўтказмоқчи бўлаётган акциялар тартиби ҳақида келишиб олишни тобора кўпроқ тақиқлаётганини таъкидлаган. Мухолифатчининг фикрига кўра, Кремль ҳозирга қадар бўлиб ўтган тадбирларга мухолифатчининг тарафдорлари кўплаб йиғилганидан хавотирда.

Алексей Навальний «Россиянинг 40-50 та йирик шаҳарлари маъмурияти сайловчилар билан учрашувлар ўтказишни рад эта туриб, ҳар йили қонунни бевосита ва қўпол равишда бузаётгани»ни қатъий таъкидлаяпти. Мухолифатчи акциялар бундан буён ҳам ўтказилишини, лекин энди бошқача кўринишда, яъни хусусий мулк ҳудуди бўлган ерларда ва биноларда бўлишини қўшимча қилди.

Навальний 2018 йилда президент сайловида қатнашиш ниятида. Россия ҳукумати мухолифатчи «Кировлес» иши бўйича судлангани туфайли номзодини кўрсатиш ҳуқуқига эга эмаслигини баён қилмоқда. Шунга қарамай, сиёсатчи сайловолди кампаниясин давом эттираяпти.

Навальнийнинг штаблари Россиянинг 80 та шаҳрида очилган. Ҳозирги вақтда мухолифатчи мамлакат минтақалари бўйлаб ташвиқот тадбирлари ўтказмоқда. Ҳокимият вакиллари кўплаб шаҳарларда бу сиёсатчи билан учрашувларнинг тартибини мувофиқлаштиришни рад қилаяпти.

Навальнийнинг фикрига кўра, бундай ҳолат унинг кампанияси самарали эканлиги ва Кремлнинг қўрқувидан далолат беради.

XS
SM
MD
LG