Ссылки доступа

Ўзбекистонда экспертиза Нурулло Отахоновнинг китобини “экстремистик” деб топди


Ëзувчи Нурулло Отахоновнинг Озодликка норасмий манбаларга таяниб айтишича¸ унинг "Бу кунлар" китоби Матбуот ва ахборот агентлигида уч марта муҳокама қилинган ва 30 октябрь куни китобда “конституциявий тузумга тажовуз” борлиги тўғрисида расмий хулоса чиқарилган.

Таъкидлаш жоизки, ëзувчи Нурулло Отахоновнинг "Бу кунлар" китоби устидан ўтказилган бу иккинчи экспертизадир.

Жорий йил бошида “Бу кунлар” китобини экспертизадан ўтказган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси чиқарган хулосага кўра, китобда «экстремистик» ғоялар мавжуд¸ деб топилган эди. Нурулло Отахоновнинг айтишича¸ 1 октябрь куни озодликка чиқарилганидан бери ўтган вақт ичида сўроққа чақиртирилмаган¸ икки ҳафта аввал паспорти қайтиб берилган:

- Шундан кейин бемалол водийга бориб келдим¸ҳаракат эркинлигимга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Паспортимни олишга борганда¸ китобларингиз экспертизага берилган¸ хулосаси чиқса¸ хабар қиламиз¸ дейишганди. 24 октябрь кунги муҳокамада МХХдан келган расмийлар эксперт комиссиясига¸ бу китоб ҳақида аввалги хулосани чиқариб беринг¸ деган топшириқ берибди. Кеча¸ 30 октябрь куни комиссиянинг учинчи йиғилишида ҳамма бир овоздан шу хулосани тасдиқлаб¸ китобда давлат тўнтаришига чақириқ бор¸ деган хулосани тасдиқлабди. Тошкентда эканимни билиб туришганига қарамай¸ мени чақиртиришмади ҳам¸ билдиришмади ҳам¸ ‒ дейди Нурулло Отахонов.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг бир эмас¸ уч расмийси¸ бундай муҳокамалар бўлиб ўтгани ва унда Нурулло Отахонов айтган хулосага келинганига оид маълумотни на тасдиқлади ва на инкор қилди.

63 ёшли ёувчи Нурулло Отахонов (Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон) Туркияда икки йиллик ихтиёрий қувғинда яшаб келган. 27 сентябрь куни Тошкент аэропортида учоқдан тушганларидан сўнг милиция ходимлари Нурулло Отахоновнинг қўлига кишан таққанлар.

Туркияда чоп этилган "Бу кунлар" китобида ёзувчи мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг ривожланишини танқид қилмоқда. Шунингдек, ёзувчи президент Ислом Каримов томонидан ўрнатилган режимни ва авторитаризмни кескин танқид қилган. Расмий Тошкент "Бу кунлар" китобини Ўзбекистонда ман қилинган адабиётлар рўйxатига киритди.

XS
SM
MD
LG