Ссылки доступа

Тожикистон ёшлар ўртасидаги жиноятчиликни камайтиришга қарор қилди


Таълим ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари пойтахтдаги ўрта мактабларнинг тарбияси жуда оғир бўлган ўсмир-ўқувчилари билан профилактика ишларини олиб бормоқда. Рўйхатда жами 222 нафар ўқувчи бўлиб, уларнинг мунтазам муштлашувлар “келтириб чиқарувчилар” экани айтилмоқда.

Рўйҳат Душанбе шаҳрида шу йилнинг ўзида бир неча бор кескин муштлашувлар ва вояга етмаганлар иштирокида пичоқбозлик қайд қилинганидан кейин пойтахт мэри Рустам Эмомали топшириғига биноан тузилди.

Бу соҳада олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, асосан 8-11 синф ўқувчилари ўртасида муштлашувлар юз бермоқда,мактаб ўқувчилари ўз тенгдошлари орасида ким “зўрлигини” аниқлаштириб олишмоқда.

2016 йилда Тожикистонда вояга етмаганлар ва ўсмирлар томонидан 5 мингдан ортиқ жиноят содир этилган. Мамлакат президенти Эмомали Раҳмон шу йилнинг февраль ойида пойтахт фаоллари билан учрашувда тегишли идоралардан ўсмирлар ўртасидаги қонли низоларга чек қўйишни талаб қилган эди.

Пойтахт маъмурияти ходимининг айтишича, йиғилишлардан бирида мэр ёшлар гуруҳлари “етакчилари” ролини йўқ қилиш мақсадида ўсмирлар ўртасидаги жиноятчиликни камайтириш йўлида чора-тадбирлар кўришни топширди. «Ҳозир бу каби ўқувчилар рўйхати тузилмоқда, улар ва ота-оналари билан тушинтириш ишлари олиб борилмоқда. Ўқишдан бўш вақтларида улар ҳунармандликни ўрганишмоқда. Яъни, биз улардаги ортиқча энергияни тўғри йўналишга солаяпмиз», - деди суҳбатдош.

Мамлакат ИИВ маълумотига кўра, шу йилнинг 9 ойи мобайнида жамият тартибини бузган 3 мингдан ортиқ мактаб ўқувчиси аниқланган.

XS
SM
MD
LG