Ссылки доступа

Санкт-Петербургда 30дан ортиқ тожикистонлик муҳожир овқатдан заҳарланди


30 октябрь куни 30дан ортиқ тожикистонлик меҳнат муҳожири “сальмонеллез” ташҳиси билан Боткин шифохонасига олиб келинди. Айни дамда уларнинг аҳволи барқарор дея баҳоланмоқда.

“Народний” универсал дўконидаги тожик бригадаси раҳбари Жовид Абдуллоевнинг айтишича, айни дамда тожик меҳнаткашларидан 14 нафари Боткин шифохонасига ётқизилди, яна 15 нафардан ортиғи эса уйда даволанишни давом эттирмоқда.

Унинг сўзларига қараганда, дўкон ишчилари истеъмол муддати ўтиб кетган гречиха истеъмолидан сўнг заҳарланган бўлишлари мумкин экан. «Ўлим билан боғлиқ ҳодиса қайд қилинмади. “Народний” дўконлар тармоғида 500 дан ортиқ тожик мигранти бор», - дейди Абдуллоев.

Унинг таъкидлашича, тожикистонликларнинг аҳволи барқарор. "Биз шифохонага бордик. Шифокорлар, хатар ўтиб кетганини айтиб, бизни тинчлантиришди. Биз уйда даволанаётганларга ҳам қўнғироқ қилдик, уларнинг ҳам аҳволи яхши", - дея сўзларига қўшимча қилди Абдуллоев.

Хабарларга кўра, муҳожирлар универсам ичидаги ошхонада овқатланганларидан сўнг заҳарланган бўлишлари эҳтимоли айтилмоқда. Заҳарланганларнинг ҳаммаси – «Народний» ишчиларидир. Айрим муҳожирларнинг тан олиб айтишича, раҳбарият Тожикистон фуқаролари бўлмиш ходимларни агар шифохонага ёрдам сўраб мурожаат қилгудек бўлишса ишдан бўшатишларини айтиб огоҳлантирган. Дўкон маъмурияти ишчиларнинг заҳарлангани билан боғлиқ ҳодисани инкор қилишмади, аммо изоҳ беришдан воз кечишди.

XS
SM
MD
LG