Ссылки доступа

Қарағандалик 18 нафар Ўзбекистон фуқаросини қулликда ушлаб турган


Қозоғистоннинг Қустанай вилояти ИИДнинг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ходимлари Қарағандада яшовчи 36 ёшли фуқарони ҳибсга олди. У одам савдосида гумон қилинмоқда. Минтақа ИИД матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, эркак апрель ойидан бери 18 нафар Ўзбекистон фуқаросини қулликда сақлаб келган.

«Тезкор қидирув тадбирлари вақтида хусусий корхоналардан бирига тегишли бинода 18 нафар Ўзбекистон фуқароси борлиги аниқланди. Полиция ходимлари хорижий фуқаролар апрель ойидан бери хусусий тадбиркор қўлида ноқонуний ишлаганини аниқлашди. Эркак алдов йўли ва таҳдидлар билан уларнинг меҳнатидан тегирмонда фойдаланган. Шу билан бирга жабрдийдаларнинг мамлакатдан чиқиб кетиш имконлари йўқ эди, чунки гумон қилинувчи уларнинг ҳужжатларини тортиб олган ва меҳнатлари учун ҳақ тўламаган», – дея хабар берди Қустанай вилоят ИИД матбуот хизмати.

Таъкидланишича, бу факт бўйича ЖКнинг 128 моддаси(“Одам савдоси”) билан судга қадар тергов жараёнлари олиб борилмоқда. Бу модда бўйича айбдор мол-мулки мусодора қилинган ҳолда 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Полиция ходимларининг айтишича, Ўзбекистон фуқаролари миграция қонунчилигини бузгани сабаб маъмурий жавобгарликка тортилмайди, чунки улар одам савдоси қурбонлари сифатида тан олинди.

Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, айни дамда ўзбекистонликлар полиция ва жамоат ташкилотлари паноҳига олинган.

XS
SM
MD
LG