Ссылки доступа

Тожикистонда хорижда таълим олган диндорларни ишдан бўшатишаяпти


Дин ишлари, анъаналарни ва урф-одатларни тартибга солиш қўмитаси чет элда диний маълумот олган диндорларни ишдан бўшатиш ҳақида қарор қабул қилди.

Шу билан бирга, қўмита раисининг ўзи Сулаймон Давлатзода ва Тожикистон уламолар кенгашининг раиси Саидмуккарам Абдулқодирзода мамлакат ҳудудидан ташқарида диний таълим олган.

Саидмукаррам Абдулқодирзода ҳар қандай пайтда, Тожикистон мусулмонларининг хотиржамлиги учун, ўз лавозимидан воз кечишга тайёр эканлигини баён қилди. «Тожикистонда тақиқланган оқимларга қўшилиб кетган бир неча имом-хатиблар ҳибсга олинди ва жазоланди. Агар бу ташаббус менинг шахсим билан боғлиқ бўлса, у ҳолда мен мамлакатдаги хотиржамлик учун истеъфога кетишга тайёрман. Чунки мен 1990 йиллардаги аламли ҳодисаларнинг қайтарилишини истамайман», - деди у.

Қўмитанинг матбуот котиби Афшин Муқим ушбу идора раисининг биринчи ўринбосари Амирбек Бекназаров имзолаган тегишли қарор 28 октябрь куни қабул қилинганини айтди. «Бу қарор фақат ноқонуний таълим олган имом-хатибларга таааллуқли», - деб таъкидлади у.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Дин ишлари қўмитасининг мамлакатдаги ўз минтақавий бошқармалари манзилларига жўнатган телефонограммасининг нусхаси жойлаштирилган эди. Унда чет элларда таълим олган имом-хатибларга ўз лавозимларидан кетиши ва уларнинг ўрнига “муносиб номзодлар” тайинланиши учун икки ҳафта муддат берилиши айтилган.

Телефонограммада қарор хориждаги мадрасаларда таълим олган бир неча имом-хатиблар жиноятлар содир этганлиги фош этилганидан сўнг қабул қилингани ҳам айтилади.

XS
SM
MD
LG