Ссылки доступа

Ўзбекистон Президенти Россия Федерацияси Ҳукумати раисини қабул қилди


Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2 ноябрь куни мамлакатда расмий ташриф билан бўлиб турган ва МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этадиган Россия Федерацияси Ҳукумати раиси Дмитрий Медведевни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот xизмати xабар қилди.

Суҳбат чоғида кўп қиррали Ўзбекистон – Россия муносабатларини янада кенгайтириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида қўшма кооперация лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Мамлакатлар шериклик муносабатлари ва ўзаро амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлиги таъкидланди.

Тошкент шаҳрида бугун, 3 ноябрь куни, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтади. Ҳамдўстликка бу йил Россия раҳбарлик қилмоқда.

Арманистон Бош вазири Карен Карапетян, Беларусь Бош вазири Андрей Кобяков, Қозоғистон Бош вазири Бакитжон Сагинтаев, Қирғизистон Бош вазири Сапар Исоқов, Россия Бош вазири Дмитрий Медведев, Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода, шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — Ижрочи котиби Сергей Лебедев мажлисдаги иштирокини тасдиқлаган.

МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг Тошкентда илк бор ўтаётган мажлиси кун тартибига 18 та ҳужжат лойиҳалари киритилган, деб xабар қилмоқда маҳаллий ОАВлар.

XS
SM
MD
LG