Ссылки доступа

Қўқонда коллеж ўқувчиси синфдошини пичоқлади


Қўқон нефть ва газ саноати коллежининг биринчи босқич ўқувчиси 16 яшар Султон Ғозиев 3 ноябрь куни ўз синфдоши 16 яшар Улуғбек Ёқубовни пичоқлади.

Воқеа гувоҳларининг айтишларича, воқеа дарсдан сўнг, коллеждан ташқарига чиққан пайтда содир бўлган. Жароҳат олган бола тез тиббий ёрдам касалхонасининг реанимация бўлимига ётқизилган

Коллеж ўқувчиларидан бирининг айтишича, бу икки бола анча вақтдан бери бир-бири билан жанжаллашиб юрган:

– Бугун дарсдан кейин улар “один-один” урушгани коллеждан чиқишди. Биз ҳам нима бўлар экан деб, эргашиб бордик. Иккаласи муштлашиб кетди. Кейин Султон пичоқ чиқариб Улуғбекни қорнига санчиб олди ва қочиб кетди. Кейин скорий чақирдик”, – дейди ўқувчилардан бири.

Коллеж ўқитувчиларидан бири шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

– Султон деган ўқувчимизнинг тарбияси ёмон эди. Илгари ҳам унинг устидан анча шикоятлар бўлган. Биз бу ҳақда участка нозирига ҳам ёзиб берганмиз. Султоннинг отаси қамоқда, унинг тарбияси ёмонлиги, жиноят қилишга мойиллиги ҳақида онасига ҳам бир неча бор айтганмиз. Бизнинг коллежга ҳамма ўқувчилар текширтириб кирилади. Лекин у пичоқни қаердан олгани номаълум, буни ички ишлар ўрганяпти”, – дейди ўқитувчи.

Қўқон шаҳар ички ишлар бўлимининг мулозими, пичоқ билан тан жароҳати етказишда гумонланаётган шахс қўлга олинганини айтди. Унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 105-қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш, моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган.

XS
SM
MD
LG