Ссылки доступа

Бобомурод Абдуллаев иши бўйича “эрк”чи фаол ҳам айбланмоқда


27 сентябрдан буён МХХ ҳибсида қолаётган мустақил журналист Бобомурод Абдуллаевнинг иши бўйича мухолифатдаги “Эрк” партияси фаоли Ислом Холбой ҳам айбланмоқда. Абдуллаевнинг иши бўйича ҳозирда уч киши ҳибсда. Журналистнинг уч адвокатидан бирортаси ҳам ҳанузгача мижози билан учраша олмади.

Бобомурод Абдуллаевнинг иши бўйича “Эрк” партиясининг ҳозирда Туркияда яшаётган, асли бухоролик фаоли Ислом Холбой ҳам айбланаётганини Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов маълум қилди:

- Бу одамнинг оиласи Бухорода яшар экан. Миллий хавфсизликдан Ислом Холбойнинг Бухородаги оиласига келишган. Ислом Холбойнинг қайси модда билан айбланаётгани бизга ҳозирча маълум эмас. Менимча, у ҳам 159-модда бўйича бўлса керак. Биз бу иш бўйича айбланаётганлар кўпаётганидан хавотир қилаяпмиз. Бу ерда асосий нишон - Муҳаммад Солиҳ. Шу ишлар орқали Муҳаммад Солиҳни асосий айбдор қилиб қўйишмоқчи,- дейди Суръат Икромов.

Ислом Холбой Бухородаги уйига МХХ ходимлари боргани ва унга нисбатан қидирув эълон қилинганини тасдиқлади.

- Тошкентдан бир-иккита оғайнилар телефон қилди. “Сени қидирувга беришибди. Суратларингни осиб қўйишибди”, дейишди. Мен “Усмон Ҳақназаров ким?” деб битта мақола эълон қилган эдим. Бобомурод билан мен таниш эдим. Кейинги 3-4 йилда таниш эдик. Балки ўша мақолани асос қилишмоқчидир. Лекин у ерда бирор нарса йўқ. Ўзбекистон қонунларига дахл қиладиган, қарши борадиган бирор нарсаси йўқ. Фақат ўша ерда муҳит ёмон бўлгани учун тахаллус остида ёзган, - дейди Ислом Холбой.

2017 йилнинг 27 сентябрида қўлга олинган журналист Бобомурод Абдуллаев МХХнинг тергов изоляторида қолмоқда. Унга нисбатан "Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш" айби билан жиноий иш очилган. Абдуллаев 2003 йилдан буён Интернетда сиёсий таҳлилчи Усмон Ҳакназаров тахаллуси остида мақолалар чоп этганликда айбланмоқда.

XS
SM
MD
LG