Ссылки доступа

Тошкентдаги баъзи масжидларда азон овоз кучайтиргичда айтила бошлади


Тошкентнинг йирик масжидларида азон овоз кучайтиргичлар орқали айтилмоқда. Ўзбекистонда сўнгги 10 йилга яқин муддат давомида азонни фуқаролар мурожаати билан масжидлар ичида ўқилган ва уни фақат ибодатга келганлар эшитишлари мумкин эди.

Тошкентдан олинган хабарларга кўра, ҳозирча азон овози масжиддан 300-500 метр нарига эшитилмоқда, аммо намозхонлар тез орада овозни баралла кўтаришга рухсат берилиши кутилаётганини айтмоқда. Маҳаллий ОАВларга кўра, Ўзбекистоннинг бошқа вилоятлари - Андижон ва Фарғонада ҳам баъзи масжидларда азон овоз кучайтиргичлар орқали чақирилмоқда.

Тошкентдаги мустақил журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, овоз кучайтиргичлардан фойдаланиш ноябрь ойининг бошларида бошланган. Бироқ ҳозирча овоз кучайтиргичлардан фойдаланиш мумкин, деган оғзаки ёки ёзма рухсат берилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Тошкентдаги масжидлардан бирининг имом-хатиби муовини айрим масжидларда имомлар ўзлари ташаббус қилиб, "яхши ният билан" овоз кучайтиргичлардан фойдалана бошлаганини айтди. Ҳозирча расмийлар бунга изоҳ беришгани йўқ.

Расмий маълумотга кўра, ҳозир Ўзбекистонда 2 минг 37 та масжид бор. Уларда жами 5 мингдан ортиқ имом ва имом ноиблари ишламоқда.

XS
SM
MD
LG