Ссылки доступа

Тожикистонда мактабларнинг дарсликлар учун ижара ҳақи 3 миллион доллардан ошиб кетди


Тожикистон таълим ва фан вазирлиги маълумотларига кўра, мактабларнинг дарсликлар ижара пулидан қарзи 27 млн. сомони ($3.1 млн)ни ташкил қилади. Вазирлик барча мактабларга қарзлар ўз вақтида тўланиши мажбуриятни юклади.

Биргина Хатлон вилоятида мактабларнинг қарзи 7 млн.380 минг сомони (840 минг долларга яқин)ни ташкил қилади. Мактаб директорлари, ўқув бўлими мудирлари ва синф раҳбарлари уйма-уй юриб ўқувчиларнинг ота-оналаридан пул тўпламоқда.

Хабарларга кўра, Рашт туманида ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари тўпланган пулларни вазирлик ҳисобига ўтказиш мақсадида наъматак ва грек ёнғоқлари меваларини йиғиштирмоқда, металлолом ва макулатура топширмоқда.

Қўрғонтепа шаҳридаги босмахона ходими Давлатмурод Эшмуродовнинг айтишича, қарзлар сўнги 15 йилда тўпланиб қолган. Унинг сўзларига қараганда, мактаблар дарсликлар учун қарзларни қисқа муддатларда тўлашлари керак. Чунки таълим ва фан вазирлиги дарсликларни қайта нашр қилишга эҳтиёж сезмоқда.

Тожикистон таълим ва фан вазирлиги мактабларга уч йил муддатга дарсликларни ижарага беради. Вазирликнинг изоҳ беришича, мактаблар дарсликларнинг қийматидан келиб чиқиб биринчи йилда 34%, иккинчи ва учинчи йили 33 фоиз тўлайди. «Уч йилдан сўнг дарслик мактаб мулкига ўтади. Мактабларнинг раҳбарияти ижарага бериладиган дарсликларнинг нархини уч йилдан сўнг 50 фоизга кўтариши мумкин. Бу пуллар кутубхоналар, ўқитувчиларнинг маошлари оширилиши ёки кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини китоб билан таъминлашга сарфланади», - демоқда вазирлик ходимлари.

XS
SM
MD
LG