Ссылки доступа

Тошкентда таниқли блоггер Ҳаёт Хон Насриддинов қўлга олинди


Ўзбекистонлик таниқли блоггер, журналист ва иқтисод фанидан дарс берган ўқитувчи Ҳаёт Хон Насриддинов МХХ томонидан ҳибсга олингани хабар қилинмоқда. Xабар қилинишича, блоггер ҳозир МХХнинг ҳибсхонасида сақланмоқда.

Таниқли журналист Алексей Волосевич ўзининг Asiaterra.info Интернет нашрида хабар қилишича, 20 октябрга яқин ўзбекистонлик таниқли блоггер, журналист ва ўқитувчи Ҳаёт Хон Насриддинов Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) томонидан қўлга олинган.

- Унинг қўлга олиниши сабаблари - номаълум. Бундан ташқари, уни адвокатдан ўз ихтиёри билан воз кечган, деб айтишибди, МХХдагилар, - деди журналист Волосевич.

Журналистнинг айтишича, Насриддиновнинг Тошкентда яшаётган оиласи матбуот билан алоқага чиқишни истамаётир. Волосевич бунинг сабаби оилага МХХ томонидан босим ўтказилаётгани ва унинг ҳибсга олиниши Бобомурод Абдуллаев иши билан боғлиқ бўлиши мумкин, деб тахмин қилмоқда.

Ҳозир Россияда ишлаётган асли фарғоналик журналист, Фарғона.ру ахборот агентлиги бош муҳаррири Данил Кисловнинг айтишича, Ҳаёт Хон Насриддинов унинг нашрига мақолалар ёзган. Данил Кисловга кўра, ҳибсга олинганига қарийб 15 кун бўлишига қарамай, блоггернинг нега ушланганига оид бирор маълумот йўқ.

Насриддинов иқтисод фани бўйича олий таълим олган, иқтисод фанлари номзоди. Сўнгги йилларда Тошкентдаги 94-сонли мактабда дарс берган. Шунингдек, 2005 йилларда у Ўзбекистонда тузилган "Серқуёш Ўзбекистон" коалициясининг аъзоси ҳам бўлган ва бу ҳаракатлар бостирилган кезда, қисқа муддат ҳибс қилингач, Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган.

XS
SM
MD
LG