Ссылки доступа

Қирғизистонда Аждодлар хотираси ва тарихи куни нишонланмоқда


Бу йил 7-8 ноябрь кунлари Қирғизистонда илк бор Аждодлар Хотираси ва тарихи кунлари нишонланмоқда. Президент Атамбоев 26 октябрь куни тегишли фармон қабул қилди. Шу кунга қадар Қирғизистонда 7 ноябрь Октябрь инқилоби куни сифатида нишонланарди.

Айтилишича, фармон «1916 йилги миллий-озодлик қўзғолони ва фожиавий ҳодисаларига, 1917 йилги Февраль ва Октябрь инқилобларига, ривожланишнинг совет давридаги сабоқ ва меросларига, ХХ асрдаги сиёсий қатағонлар оқибатларига объектив тарихий баҳо бериш ва аждодлар хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида» қабул қилинди.

Парламентга Ленин чўққисини Манас чўққиси деб ўзгартириш борасида қонун лойиҳасини тайёрлаш тавсия қилинди.

«Фақат тарихни билиб ва ундан сабоқ олган тақдирдагина келажак авлодлар учун асос яратган ҳолда ва мамлакатимизни замонавий дунёда муносиб ўрин эгаллаши йўлида Қирғизистон келажагининг йўналишларини белгилаш мумкин. Кимда ким ўтмишни унутса, келажакка йўл топа олмайди», - дейилади президент маъмурияти томонидан тарқатилган хабарда.

Совет давридаги байрамнинг номини ўзгартирилиши Россияда айримлар томонидан танқидга учради. Давлат Думаси спикерининг ўринбосари Игорь Лебедев буни “нодўстона қадам” сифатида баҳолади.

XS
SM
MD
LG