Ссылки доступа

Қозоғистонда ота-оналар фарзандларининг ўқишга рўмолда қатнаш ҳуқуқи учун судлашмоқда


Уральск шаҳри 7- ва 37-сонли умумий таълим мактаблари кичик ва ўрта синфларининг тўрт нафар ўқувчи қизларининг ота-оналари уларнинг қизларини машғулотларга киритишларига суд орқали эришмоқчи бўлаяпти. Бу ҳақда ўқувчи қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи юрист Арман Абдрашит хабар қилди.

Юристнинг сўзларига қараганда, ота-оналар судда мактаблар кун тартибининг баъзи бандлари ҳамда Таълим ва фан вазирлигининг 2016 йил 14 январдаги буйруғининг қонунийлигини муҳокама қилишга эришмоқчи. Уларга биноан, «турли конфессияларга диний мансублик элементларининг мактаб уст-бошига киритилишига йўл қўйилмайди».

Арман Абдрашит ушбу бандлар Қозоғистон Конституциясининг «давлат таълим муасссасаларида ўқиш бепуллигини» кафолатловчи ва «ўрта таълим мажбурий» эканлигини белгилаб берувчи 30-моддасига зидлигини айтмоқда. Юрист «ўқувчи қизлар рўмол ёки ҳижоб ўрамаётгани, балки қозоқ миллий бош кийими – оқ рангли қимашак кийиб юришгани»ни тасдиқламоқда. Бунда, Абдрашитнинг сўзларига қараганда, ҳамма ўқувчи қизлар намунаси мактаб томонидан тасдиқланган уст-бош кийиб юришади.

Даъвогарлардан бири, Асет Султанули, унинг қизи Уральскдаги 7-сонли мактабнинг 1-синфига қатнаши ва мактаб раҳбарияти октябрнинг ўртасидан бошлаб, мактабга бош кийимда келишни тақиқлаганини айтиб берди. Султанулининг сўзларига қараганда, унинг қизи ҳозир мактабга қатнамаяпти.

7-мактаб директори Виктор Протасов шаҳар маориф бўлимига мурожаат этишни маслаҳат қилиб, изоҳ беришдан бош тортди. Бугун ва эртага 2-сонли фуқаролик судида ота-оналарнинг даъво аризалари бўйича дастлабки суҳбатлар тайинланган.

Аввалроқ, вилоят маориф бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Заура Гумарова бирифингда "ҳамма ўқувчилар мактаб уст-боши кийиш қоидаларига риоя қилишлари шарт”лигини баён қилганди.

XS
SM
MD
LG