Ссылки доступа

Қозоғистонда амалдорлар офшор билан боғлиқ айбловларга жавоб берди (видео)


Қозоғистон Мудофаа ва аэрокосмик саноат вазири Бейбит Атамқулов ва "КазМунайГаз" давлат газ қазиб олиш компанияси Бошқаруви раиси Сауат Минбаев ўзларига қўйилган офшор тузилмалар билан боғлиқ айбловларга жавоб берди.

Айбловларда уларнинг офшор тузилмалар билан боғлиқлиги, бу тузилмаларда активлари борлиги ва улардан солиқ тўламасликлари таъкидланган эди.

Атамқулов ва Минбаевнинг офшорларини Халқаро журналистик суриштирув консорциуми (International Consortium of Investigative Journalists, ICIJ) фош қилди. Атамқулов ва унинг укасида Мальтада рўйхатга олинган 1998 йилда ташкил этилган Centraz Finance Ltd компанияси борлиги аниқланди. Қайдлов маълумотларига қараганда, мазкур компания ҳамон фаолият юритиб келади ва вино ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланади.

Атамқулов баёнот бериб, Centraz Finance Ltd ҳақиқатан ҳам 1998 йилда ташкил этилганини билдирди. "Қозоғистонга ҳалқаро инвестиция киритиш йўлида кўп иш қилинди. Бироқ, Россиядаги молиявий инқироз ва кейинчалик тенгенинг девальвация қилиниши сабабли компанияни ёпишга тўғри келди", - дея тушунтириш берди ва давлат хизматига ўтишдан аввал таъсисчилар таркибидан чиққанлигини маълум қилди.

"Мен томондан ҳамкорларга бу лойиҳадан чиқиш борасида мактуб юборилди. Бироқ, менинг чиқиш борасидаги кейинги ҳаракатларим ҳужжатлаштирилмаган экан. Бу ҳақда мен кеча билдим. Мен 1998 йилдан бери бу компания фаолият юритаётганини билмасдим", - деди вазир.

Сауат Минбаев Бермуд оролларида рўйхатдан ўтган Meridian Capital Ltd компаниясининг ҳиссадори бўлиб чиқди. ICIJ суриштирувчиларининг тасдиқлашича, мана шу офшор орқали Минбаев тоғ-кон, олтин қазиб олиш соҳаси, шунингдек, нефть компанияларига маблағ киритган. Бугунги кунда Meridian Capitalга Россия ва Қозоғистондаги бир нечта аэропорт қарайди.

Экспертларнинг таъкидлашларича, Meridian 2002-1003 йилларда рўйхатга олинган, айнан ўша йилларда Минбаев давлат тузилмаларидаги фаолиятини вақтинча тўxтатган эди. Бу айбловларга жавоб берган Минбаев, бугунги кунда "офшор ҳисоблари йўқлигини” ва Meridian билан ҳамкорлик қилмаслигини айтмоқда. Унинг айтишича, 2003 йилда компаниядаги ўз ҳиссасини учинчи шахсга топширган.

XS
SM
MD
LG