Ссылки доступа

Эрон ТИВ раҳбари Тожикистонга келади


Эрон ТИВ раҳбари Моҳаммад Жавад Зариф бир кунлик ташриф билан Тожикистонга келади. Манбаларнинг таъкидлашича, Эрон вазири Душанбега 8 ноябрь куни келади. Шу куни Зариф Эроннинг Тожикистондаги янги элчихона биноси очилишида иштирок этади.

Бундан аввал тарқатилган хабарда, лойиҳага биноан, янги дипломатик ваколатхона фасади қаршисига форс тилида сўзлашувчи уч мамлакат – Тожикистон, Афғонистон ва Эрон дўстлигини ифодаловчи архитектура қурилмаси ўрнатилиши маълум қилинган эдди.

Тожикистон расмийлари эронлик юқори мартабали меҳмоннинг ташрифи ҳақидаги маълумотни тасдиқлашмади. Моҳаммад Жавад Зарифнинг Тожикистон раҳбарияти билан музокаралари ҳақида ҳам хабар берилмади. Нима бўлганда ҳам Эрон ТИВ раҳбари сўнгги йилларда Тожикистонга ташриф буюрган илк эронлик амалдор бўлади.

Бугунги кунда Тожикистон-Эрон муносабатлари яхши эмас. Мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ишончсизлик 2015 йил сўнгида, фаолияти тақиқланган Тожикистон Ислом Уйғониш партияси(ТИУП) раҳбари Муҳиддин Кабирининг “Ислом бирлиги” халқаро конференциясида иштирок этиши учун Теҳронга таклиф қилинганидан кейин кучайди. Кейинчалик, Тожикистон ТВсида Тожикистондаги фуқаролар уруши давридаги шов-шувли қотилликлар Теҳрон томонидан молиялаштирилгани ҳақида мамлакат ИИВ томонидан тайёрланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.

ОАВ хабарларига қараганда, Моҳаммад Жавад Зариф 10—11 ноябрь кунлари БМТ ҳомийлигида Самарқандда бўлиб ўтадиган халқаро конференцияда иштирок этади. Тожикистон ТИВ хабарига қараганда, халқаро анжуманда мамлакат ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Сирожиддин Асловнинг чиқиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG