Ссылки доступа

Россияда митинг ва намойшлар билан Октябрь инқилобининг юз йиллиги нишонланди


Москва марказида сўл кучларнинг - КПРФ партияси ва “Сўл фронт” ҳаракатининг биргаликдаги намойиши бўлиб ўтди. Улар кўтариб олган плакатлар орасида “Яшасин социалистик инқилоб” ва “Биз Советлар мамлакатидан фахрланамиз” деган шиорлар бор эди.

Намойиш иштирокчилари Ленин, Сталин ва Че Гевараларнинг суратларини кўтариб олишган эди. Митинг ташкилотчиларининг сўзларига қараганда, намойишда “80та мамлакатдан келган 120дан ортиқ сиёсий партияларнинг вакиллари” иштирок этмоқда. КПРФ раҳбари Геннадий Зюгановнинг хабар беришича, иссиқ мамлакатлардан келган хорижий делегациялар аъзолари учун Москва совуғидан совуқ қотиб қолмасликлари мақсадида “махсус курткалар сотиб олинди”.

Сўл кучларнинг митинг ва намойишлари Россиянинг бошқа шаҳарларда бўлиб ўтди.

Томскда коммунистлар инқилобнинг 100 йиллигини кўчаларда намойиш ва митинглар билан нишонлашар экан, хокимият ўзгариши лозимлигини, ҳаммага уй бериладиган даврга қайтиш кераклигини айтишди. Улар келаси йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари муносабати билан Владимир Путинга мурожаат қилиб: "Путин, агар сен яхши президент бўлмоқчи бўлсанг, “уруш болалари” тўғрисида қонун қабул қил ва Ленинни қайта дафн қилиш тўғрисидаги масалани тўxтат", дейишди.

Иркутскда икки мингга яқин киши Карл Маркс кўчасидаги Ленин ҳайкали олдида байрам намойишида иштирок этди.

Аннексия қилинган Қримнинг Севастополида 7 ноябрь куни коммунистик партия тарафдорлари Октябрь инқилобининг юз йиллигига бағишлаб митинг ўтказди. Энг қизиғи, Севастопол расмиийлари анъанавий жой бўлмиш – Нахимов ҳайкали олдида митинг ўтказишни тақиқлади.

Либерал қарашдаги "Яблоко" партияси 7 ноябрь куни Москвада акция ўтказди, бу тадбир инқилоб шарафига эмас, балки озодлик ва демократия ҳимоячилари хотирасига бағишланди. "Яблоко" фаоллари Знаменка кўчасидаги, 1917 йилда Александров ҳарбий билим юртининг биноси олдида тўпланишди. Митинг иштирокчиларининг айтишича айнан билим юртнинг офицер ва юнкерлари Муваққат ҳукумати ҳимоя қилган кўнгиллилар гуруҳининг асосини ташкил қилган эди. Айни дамда Знаменка кўчасидаги бинода Мудофаа вазирлигининг айрим хизматлари жойлаштирилган. Акция ўтказиш учун ҳукуматдан рухсат олинмади.

Москвада бўлиб ўтган расмий тадбирлар орасида 1941 йилнинг 7 ноябридаги ҳарбий парад муносабати билан ўтказилган тантанали марш ҳам бўлди. Ўшанда қўшинлар тўғри Москвадан 30 километр узоқликда бўлган фронтга йўл олган эди. Ўша парад реконструкциясида беш мингга яқин киши иштирок этди.

XS
SM
MD
LG