Ссылки доступа

Қирғизистон фаоллари музликлар ҳимояси учун намойишга чиқди (видео)


Бишкекдаги “Оқ уй” олдида музликлардаги Қумтор конини ўзлаштиришга рухсат берувчи “Сув кодекси”га ўзгартиш киритилишига қарши норозилик намойиши бўлиб ўтмоқда.

Йиғилиш иштирокчилари – фуқаролик жамияти фаоллари, сиёсатчилар – парламентга мурожаат қилиб, қонун лойиҳасини қабул қилмасликка чақирмоқда. Уларнинг сўзларига қараганда, музликларнинг йўқ бўлиб кетиши нафақат Қирғизистон экологиясига, балки бутун Марказиё Осиё ва жаҳон экологиясига салбий таъсир кўрсатади.

Митинг уюштирувчилар “Музликлардан қўлингни торт!”, “Музликларни сақлаб қоламиз” шиорлари ёзилган плакатларни кўтариб олишган эди. “Озодлик” радиоси мухбирларининг хабар қилишича акцияда 60га яқин киши иштирок этмоқда.

“Сув кодекси”га ўзгартиш Жўқорғу Кенешнинг тегишли қўмитаси томонидан 31 октябрь куни қабул қилинди. Қонун Давидова ва Лисий музликларини Қумтор олтин конига кўчирилишига рухсат беради. Қонун лойиҳаси ташаббускори ҳукумат бўлиб, ўз қарорини иқтисодий нуқтаи назар билан изоҳлашга уринмоқда. Ҳукуматнинг фикрича, музликлар деярли эриб бўлган.

Музликларда Centerra Gold Inc. компаниясига олтин қазиб олиш учун рухсат бериш билан боғлиқ баҳслар 2014 йилдан бери давом этмоқда. 2015 йилда қонун лойиҳаси икки ўқишда қабул қилинган эди, аммо жамоатчилик ва айрим депутатларнинг қаршилиги сабаб қайтариб олинди.

XS
SM
MD
LG