Ссылки доступа

Ўзбекистон Президенти ЕХҲТ Бош котибини қабул қилди


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни мамлакатимизга ташриф билан келган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Бош котиби Томас Гремингерни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари Швейцариянинг атоқли дипломатини юқори ва масъулиятли лавозимга тайинлангани билан қутлаб, Ўзбекистон ЕХҲТ билан янада фаол ҳамкорлик қилиш, Ташкилот мандатига кирувчи барча масалалар бўйича ўзаро англашувни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини қайд этди, деб xабар қилди маҳаллий ОАВ.

ЕХҲТ Бош котиби Самарқандда бўлиб ўтадиган халқаро конференцияда иштирок этади.

Томас Гремингер Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар, жумладан, Афғонистон билан алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича изчил ва амалий қадамларини юксак қадрлайди. Юқори мартабали меҳмон нуфузи ва иштирокчилари сони кўплиги бўйича мислсиз бўлган Самарқанд форуми натижалари минтақавий ҳамкорликка янги суръат бериш, стратегик жиҳатдан муҳим минтақада ўзаро англашув ва ишонч муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.

ЕХҲТ ва унинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўзаро ҳамкорликка, мамлакатимизда узоқ истиқболга мўлжалланган ислоҳотлар ва ўзгаришларни амалга ошириш бўйича тажриба алмашиш ва эксперт кўмаги кўрсатишга тайёр экани билдирилди.

Учрашувда ЕХҲТ фаолиятига оид бошқа масалалар, жумладан, минтақавий ва халқаро долзарб муаммолар кўриб чиқилди.

XS
SM
MD
LG