Айни дамда одамлар саломатлигига бирор бир хавф йўқ, бироқ ҳодиса юз берган вақтда бир неча километр радиусдаги одамларни эвакуация қилиш тақозо этилган бўлиши мумкин, деймоқда институт ходимлари.
Метеорологик маълумотларга таянган олимлар радиоактив булут Урал тоғлари жанубида пайдо бўлган бўлиши мумкинлигини айтишмоқда. Россия расмийлари мамлакатдаги ядро объектларидаги ҳодисалар ҳақида маълумотга эга эмасликларини айтишди. Шу билан бирга октябрь ойи ўрталарида берилган хабарда, Роспотребнадзор Свердловск ва Челябинск вилоятларидаги радиация даражаси устидан мониторинг олиб боришни бошлагани маълум қилинган эди. Қозоғистонда француз олимлари баёноти юзасидан ҳозирча изоҳ беришмади.
Гап бу ерда, асосан тиббиётда ишлатиладиган рутен-106 ҳақида бормоқда. Экспертлар ядро реакторида юз бериши мумкин бўлган аварияни инкор қилишмоқда. Бундан аввал ҳавода изотоп даражаси ошгани ҳақида Германия баёнот берган эди.