Ссылки доступа

Туркманистонда милиция ходимларига фақат оқ рангли автомобилларлан фойдаланиш юклатилди


Ички ишлар идоралари ходимларининг шахсий автомобиллари фақат оқ рангда бўлиши лозимлиги борасидаги янги талаб “Озодлик” радиоси тингловчиларидан келди.

Таъкидланишича, сўнги вақтларда мамлакатнинг барча минтақаларидаги милиция ходимларига автомобилларнинг ранги оқ бўлиши керак, деган талаб қўйилмоқда.

"Вилоят ички ишлар идораларида тўрт ой муқаддам махсус йиғилиш ўтказишди ва барча вилоятлар идоралари ходимларининг автомобиллари оқ рангда бўлиши, бу борадаги кўрсатма юқоридан бўлгани маълум қилинди. Шундан сўнг, уч ой мобайнида автомобилларни оқ ранга бўямаган ходимларга қатъий ҳайфсан беришди. Ҳозир ички ишлар ходимларига оқ рангда бўлмаган автомобилларда ишга келиш тақиқланди", - деди радиотингловчи ўз хабарида.

Туркманистон шимолидаги Дашоғуз вилоятида истиқомат қилувчи “Озодлик” суҳбатдошининг таъкидлашича, ранги туфайли ўз автомобилининг техник кўригини ўтказа олмаяпти. Унинг сўзларига кўра, техкўрикдан ўтиш чоғида уни раҳбариятга чақиришган, автомобилни техник кўрикка қўйишдан воз кечишган, қисқа муддатларда автомобил рангини оққа бўяш юзасидан тилхат олишган ва ҳайфсан беришган.

"Агар автомобиль бўяладиган бўлса, авария бўлганини айтишиб, ҳеч ким сотиб олмайди. Шунингдек, бизда автомобиллар сифатли бўялмайди. Мамлакатимизда оқ рангга сиғиниш бўлгани боис оқ автомобилларнинг нархи ҳам юқоридир. Ҳозир автомобиллари оқ рангда бўлмаган ички ишлар идораларининг ходимлари оғир аҳволга тушиб қолган. Уларнинг айримлари талабдан норозидир. Автомобили худди меники каби рангда бўлган ходимлар эса жамоат транспортида ишга қатнамоқда", - дейди Озодлик суҳбатдоши.

Туркманистон расмийлари оқ рангга катта имтиёз беради. 2015 йилда Туркманистонга қора рангли автомобилларни олиб кириш тақиқланган эди.

XS
SM
MD
LG