Ссылки доступа

Қозоғистон институти “радиация тарқалиши”ни назардан соқит қилмоқда


Франция ядро ва радиация хавфсизлиги Институти (IRSN) Европа осмонида радиоактив булутни қайд қилди. Экспертларнинг сўзларига қараганда, бу сентябрь ойи охирларида Россия ёки Қозоғистондаги ядро объектида радиация тарқалиши билан боғлиқ авария юз берганидан далолат беради.

Айни дамда одамлар саломатлигига бирор бир хавф йўқ, бироқ ҳодиса юз берган вақтда бир неча километр радиусдаги одамларни эвакуация қилиш тақозо этилган бўлиши мумкин, деймоқда институт ходимлари.

Гап бу ерда, асосан тиббиётда ишлатиладиган рутений-106 ҳақида бормоқда. Экспертлар ядро реакторида юз бериши мумкин бўлган аварияни инкор қилишмоқда. Бундан аввал ҳавода изотоп даражаси ошгани ҳақида Германия баёнот берган эди.

Метеорологик маълумотларга таянган олимлар радиоактив булут Урал тоғлари жанубида пайдо бўлган бўлиши мумкинлигини айтишмоқда. Россия расмийлари мамлакатдаги ядро объектларидаги ҳодисалар ҳақида маълумотга эга эмасликларини айтишди.

Қозоғистон ядро физикаси Институти (бош идораси Олмаотада)нинг хабар қилишича, сентябрь ва октябрь ойида ҳеч қандай радиация тарқалиши бўлмаган. Радиация хавфсизлиги ва экология Институтининг маълум қилишича, Қозоғистонда авария оқибатида ҳавога рутений сизиб чиқадиган бирорта ҳам объект йўқ.

XS
SM
MD
LG