Ссылки доступа

RT телеканали АҚШда хорижий агент сифатида рўйхатга олинади


Россия ҳукумати томонидан молиялаштириладиган RT телеканали (шунингдек, Russia Today номи билан машҳур) АҚШда хорижий агент сифатида рўйхатга олинади. Бу ҳақда телеканал бош муҳаррири Маргарита Симоньян маълум қилди.

Бундан аввал у, мамлакат Адлия вазирлиги зарур ҳужжатларни 13 ноябрга қадар топширишни талаб қилганини айтган эди. Идора бу хабарни ҳозирча изоҳламади.

Симоньян АҚШ ҳукуматининг талабини “камситувчи” дея атади ва телеканал судга мурожаат қилиш ниятида эканлиги ҳақида баёнот берди. Симоньяннинг фикрича, хорижий агент сифатида рўйхатга олиш зарурияти “демокатия ва сўз эркинлиги принципларига зиддир”. АҚШ Давлат департаменти бундан аввал, АҚШнинг хорижий агентлар тўғрисидаги қонуни Россия қонунларидан фарқ қилиши ва янгиликларни тарқатиш имкониятларини чекламаслиги ҳақида баёнот берган эди.

Россия ТИВ вакили Мария Захарова баёнот бериб, келаси ҳафтада мамлакатда АҚШ ОАВларига нисбатан “жавоб чоралари” кўрилишини билдирди. Бундан аввал Федерация Кенгашида Россия ҳудудларида хорижий ОАВ, жумладан Озодлик радиоси ва “Америка овози” радиоси фаолиятни чеклаш билан боғлиқ масала муҳокама қилинган эди.

Озод Европа/Озодлик радиоси медиакорпорацияси президенти Томас Кентнинг сўзларига қараганда, "RT телеканали АҚШда ўз дастурларини кабел телевидениеси орқали тарқатади, Озодлик радоисининг Россияда бундай имкониятлари йўқ". Унинг қўшимча қилишича, Россияда Озодлик журналистларини “таъқиб қилишган, хатто калтаклашган, уларнинг аккредитацияси эса бекор қилинган" – бу вақтда АҚШда Россия телеканали журналистларига нисбатан бу каби ходисалар қайд қилинмаган.

XS
SM
MD
LG