Ссылки доступа

4 яшар қизини калтаклаган милиционер ота устидан жиноят иши очилди (видео)


Яқинда ижтимоий тармоқларни 4 яшар қизчанинг ўз отаси томонидан калтаклангани ларзага солди. Воқеа Тошкент шаҳри Чилонзор туманида содир бўлган; қизчанинг отаси милиция ходими бўлиб, ҳозирда устидан бир неча модда бўйича иш очилган; суд қизча ва унинг акасини онасига олиб берган.

Озодлик 4 яшар қизалоқнинг исми Мўмина бўлиб, унинг отаси Миробод туман Ички ишлар бўлимида ишлаганини аниқлади. Қизини ургани ошкор бўлгач, у ишдан ҳайдалиб, устидан жиноий иш қўзғатилган.

– 1986 йилда туғилган Ҳ.А.Н. ҳозирда милиция бўлимидан ишдан бўшатилган. Унга нисбатан Ўзбекистон жиноят кодексининг камида 4 та моддаси билан жиноий иш қўзғатилди. Жумладан, 104-модда (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) ва 110- модда (Қийнаш) моддалари бор. Ҳозирда ундан тилхат олиниб, уйига қўйиб юборилган. Лекин уни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш бўйича санкция бериш масаласи ҳам ўрганилмоқда, деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.

9 ноябрь куни Чилонзор туманининг “Нафосат” маҳалласида ўтган сайёр суд Мўмина ва унинг 8 яшар акасини отасидан олиб онасига берган. Бу ҳақда маҳалла фаолларидан бири маълум қилди. Унга кўра, Мўминанинг отаси билан онаси расман ажрашмаган бўлиб, ҳали ҳам уларнинг никоҳи сақланиб турибди.

Видеотасвирда Мўминанинг ўз отаси томонидан бир неча дақиқа давомида аёвсиз калтаклангани акс этган. Ота қизини уриш давомида уни ҳақоратлаб уйдан ҳайдайди: “Ҳе, исқирт. Менга керакмассан. Онанг икки йилдан бери Туркияда юрибди. Энди итнинг кунини соламан сенларга. Қачон кетасан? Йиғиштир нарсаларингни? Кет уйимдан”, дея уради ота қизини.

Манбанинг айтишича, қизчанинг онаси икки йил давомида Туркияда яшаб, жорий йил октябрь ойида Тошкентга қайтиб келган ва болаларини эридан тортиб олиш борасида судга мурожаат қилган.

Болага тарбия беришда уни уриш керакми? «Озодлик» сўровномаси:

XS
SM
MD
LG